Одам анатомиясига оид илк рангли тасвирлар муаллифи ким?
🔴Тиббиёт тарихидаги йирик илмий мерос
🔴Ибн Синонинг кейинчалик котиблар томонидан кўчирилган қўлёзмаларида акс этган рангли тасвирлар

XV аср охирларида Мусулмон Шарқи шаҳарларидан бирида шамли хона, сиёҳ ифори ва қалам чизғилари остида ёзилаётган асарнинг кейинчалик тиббиёт тарихида йирик илмий мерос сифатида тан олинишини муаллиф тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак.
Бу ноёб илмий мерос – Мансур ибн Муҳаммад ибн Илёснинг “Рисола дар ташриҳи бадани инсон” (“Инсон баданининг анатомияси ҳақида рисола”) асари эди. Бу асар кейинчалик “Ташриҳи Мансурий” номи билан ҳам машҳур бўлган.
Темурийлар давридан қолган хазина
Мансур ибн Илёснинг ҳаёти ҳақида кўп маълумотлар сақланмаган. У XV асрда Шерозда зиёли оилада туғилган бўлиб, оиласида олимлар, табиблар ва шоирлар етишиб чиққан. Олим Ислом оламининг турли шаҳарларида бўлиб, айниқса, Темурийлар даврида илм ва маданият маркази ҳисобланган Табризга бир неча бор саёҳат қилган.
1396 йилда у ўзининг машҳур асари – “Ташриҳи Мансурий” ни ёзиб, Амир Темурнинг набираси Пирмуҳаммад Баҳодирга бағишлаган.
Инсон анатомиясининг илк атласи
“Ташриҳи Мансурий” тиббиёт тарихида илк рангли анатомик атлас сифатида катта аҳамият касб этади. Унда инсон танаси беш тизим бўйича – суяклар, асаблар, мушаклар, артерия ва вена томирлари тасвирланган.
Асарнинг энг муҳим жиҳати – унда инсон танасига оид илк рангли тасвирлар кўрсатилган. Бу тасвирлар тиббий билимларни визуал тарзда етказиш имконини яратган ва анатомия фанини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берган.
Мансур ибн Илёснинг асаридаги тасвирлардан Ибн Сино ва Исмоил Журжоний каби алломаларнинг кейинчалик кўчирилган қўлёзмаларида ҳам фойдаланилган. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Фахриддин Ибрагимов таъкидлаганидек,
асардаги баъзи тасвирлар илгариги юнон ва лотин олимларидан илҳомланган бўлиши мумкин, аммо ҳомиладор аёл тасвири асл ижод маҳсули ҳисобланади.

Бу рисоланинг қўлёзмалари Ўзбекистон, Эрон, Ҳиндистон, Европа ва АҚШдаги кутубхоналарда сақланмоқда. Тошкентдаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида тўрт нусхаси мавжуд.
“Ташриҳи Мансурий” ўрта аср тиббиётида инсон анатомиясини илк рангли тасвирлаган асар сифатида аҳамиятлидир. Ислом цивилизацияси марказининг Иккинчи Ренессанс бўлими экспозициясида намойиш этилиши кутилаётган ушбу мерос ислом цивилизациясида илм-фан тараққиёти ва инсоншунослик борасидаги изчил ривожланишни намоён этади.
Гавҳар Эшонқулова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди