Ўзбекистонда илк бор сиёсий-маданий хариталар яратилмоқда

 

🔴 Ўзбекистон тарихшунослигида янги босқич

 

🔴 39 харита орқали Турон тарихи жонланмоқда!



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида тарихий аҳамиятга эга янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Марказ музей экспозицияси учун тайёрланаётган 39 та сиёсий-маданий харита устида кенг қамровли муҳокама ўтказилди.

 

    Мазкур хариталар тош давридан ХХ асргача бўлган турли тарихий босқичларни қамраб олиб, сулолалар, маданий марказлар ва ёдгорликлар кесимида ишлаб чиқилмоқда.

 

     Қадимдан то замонавий давргача

 

    Хариталар орқали қадимги Турон заминининг сиёсий манзараси, халқлар ўртасидаги алоқалар, савдо йўллари ва маданий марказлар яққол акс эттирилади. Ҳар бир йўл, ҳар бир нуқта ўтмиш ва бугунни боғлаб, томошабинга тарихий воқеликни жонли ҳис эттиради.

 

    Жумладан, палеолит даври ғорлари, бронза даври маданиятлари, Бақтрия, Суғд, Хоразм ва Фарғона каби ҳудудлар алоҳида хариталарда кўрсатилади. Кейинги босқичларда эса Кушонлар, Турк ҳоқонлиги, Эфталийлар ва Ўзбек хонликлари даврлари тасвирланади.



 

     Илмий муҳокамалар

 

    Мазкур хариталар яратилиши муҳокама жараёнида тарихчи, географ, археолог, тилшунос ва картография соҳасидаги етакчи мутахассислар иштирок этдилар. Айниқса Турк ҳоқонлиги харитаси бўйича қизғин фикр алмашилди. Олимлар ҳоқонлик ҳудудларини янада тўлароқ қамраб олиш зарурлигини таъкидлаб, Самарқанд Афросиёб деворий расмлари, Чоч воҳасида топилган қадимий тангалар ҳамда Олтой ва Мўғулистондаги туркий битиктошларни харитада тўғри акс эттириш бўйича таклифлар бердилар.

 

    Шунингдек, хариталарда бўш майдон қолдирмасдан, диққатни асосий сулола ва маданий ҳудудларга қаратиш, ёдгорликларни эса топилган манзилларга яқин жойлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

 

     Илмий ва маънавий аҳамият

 

    Таъкидланишича, мазкур лойиҳа Ўзбекистон тарихшунослигида илк бор амалга оширилаётган тажриба ҳисобланади. Унда сиёсий ва маданий тарих уйғун ҳолда акс эттирилиб, хариталар нафақат музейга ташриф буюрувчи зиёратчилар учун, балки илмий тадқиқот олиб бораётган олимлар учун ҳам муҳим манбага айланади.



 

    Лойиҳа доирасида хариталар каталоглаштирилиб, келгусида мамлакатимиз ва халқаро миқёсда тарихий билимларни чуқурроқ тарғиб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.