Мирзо Улуғбек даври юлдузлар глобуси

Британия музейида сақланаётган ушбу ноёб юлдузлар глобуси XV асрда Шарқда илм-фан ва ҳунармандчилик нечоғлик юксак даражада ривожланганидан далолат беради.
Глобус латундан ишланган бўлиб, унда 60 га яқин юлдузнинг координаталари аниқ қайд этилган. Буржлар эклиптика бўйлаб жойлаштирилган, юлдуз ва туркумларнинг номлари эса ўша даврга хос куфий хат билан битилган. Бу нафақат илмий жиҳатдан, балки бадиий қиймати жиҳатидан ҳам катта аҳамиятга эга.
Жанубий яримшаридаги ёзувга кўра, глобус ҳижрий 844 йили (милодий 1430/31 й.) машҳур усто Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Умар ал-Устурлобий томонидан яратилган. Улуғбекнинг илм-фанга қаратган эътибори ва мадрасаларидаги таълим жараёнида астрономик асбоблардан кенг фойдаланилганини тасдиқлайди.
Глобус нафақат санъат дурдонаси, балки амалий таълим воситаси сифатида ҳам хизмат қилган. Улуғбек расадхонасида талабалар юлдузлар ҳаракати, буржлар ва космос қонуниятларини айнан шундай астрономик жиҳозлар орқали ўрганган. Бу эса илмнинг назарий ва амалий жиҳатдан уйғун ривожланганини кўрсатади.
Яқин вақтларда ушбу қимматли экспонатнинг нусхаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида ҳам намойиш этилиши режалаштирилган.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа