18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун




    Мусулмон оламининг энг қимматли хазиналаридан бири бўлган Усмон Мусҳафи (Қуръоннинг энг қадимий нусхаларидан бири) асрлар давомида турли тарихий воқеаларга гувоҳ бўлиб келган. Унинг Туркистонга қайтиши ва ҳозиргача етиб келиши диний ҳамда маданий меросимизнинг узлуксизлигидан дарак берувчи муҳим воқеликдир.

 

    1924 йилда, яъни бундан 101 йил олдин, Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган шарафли соқчилар кузатувида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинади. У бир муддат масжидда сақланиб, хавфсизлик нуқтаи назаридан кейинроқ Ўзбекистон халқлари тарихи музейига (ҳозирги Ўзбекистон тарихи давлат музейи) топширилади.

 

    1868 йилда (айрим манбаларда 1869 йилда) Мусҳаф Самарқанддан Санкт-Петербургга олиб кетилган ва аввал Россия халқ маорифи вазирлигига, кейинчалик эса Салтиков-Шчедрин кутубхонасига топширилган. 1905 йилда ундан 50 нусха олинган. Октябрь тўнтаришидан сўнг, мусулмон уламоларининг илтимосига кўра, РСФСР ҳукуматининг қарори билан у мусулмонларга қайтарилади ва Уфада сақланади. Шу тариқа 1924 йилда яна Туркистонга қайтиб келади.

 

    1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонлар тўртинчи қурултойида Усмон Мусҳафи яна мусулмонлар ихтиёрига топширилгани эълон қилинди.

 

    Усмон Мусҳафининг Туркистонга қандай келиб қолгани ҳақида турли тахминлар мавжуд. Айрим олимлар уни Амир Темур Басрадан олиб келган, деб ҳисоблайди. Бошқа тарихчилар эса Темурнинг Олтин Ўрдага юриши даврида, Тўхтамиш устидан қозонган ғалабасидан кейин қўлга киритилган, деган фикрни билдиришади.

 

    Тарихда бошқа қарашлар ҳам учрайди, аммо Мусҳафнинг Самарқандга келтирилиши Темурийлар даври билан боғлиқлиги ҳақидаги фикрлар кўпроқ қўллаб-қувватланади.

 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Қуръон залида асосий экспонат сифатида Усмон Мусҳафи жой олади. Шунингдек, Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар даврида яратилган Қуръонлар нусхалари ҳам намойиш этилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Марказ томонидан Усмон Мусҳафи тарихи, унинг келиб чиқиши, палеографик хусусиятлари ва диний-маънавий аҳамияти ҳақида “Усмон Мусҳафи тарихи” мавзусида илмий-оммабоп китоб тайёрланиши режалаштирилган.