“Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”да аждодлар мероси янгича тажрибада кашф этилмоқда

 

🔴 Юртимиз ҳудудида қадимдан мавжуд бўлган давлатлар
 
🔴 Буюк шахслар

 

🔴 Муҳим кашфиётлар замонавий музейшунослик ёндашувида




    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида яратилаётган асосий экспозициянинг муҳим қисмларидан бири — “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” кенг жамоатчилик учун тақдимотга тайёрланмоқда.  

 

    Узунлиги 52 метр, баландлиги 8 метр бўлган мазкур композициянинг “Исломдан аввалги давр цивилизациялари” экспозицияси юртимиз ҳудудида қадимдан мавжуд бўлган давлатлар, буюк шахслар ва муҳим кашфиётларни замонавий музейшунослик асосида тақдим этилиши кутиляпти.

 

    Марказда ушбу экспозиция концепцияси юзасидан ишчи гуруҳнинг якуний натижаларга бағишланган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бўлимнинг умумий ғояси, экспонатларни жойлаштириш тартиби, этикетаж матнлари ва дизайн ечимлари атрофлича кўриб чиқилди.


   
    Тадбир давомида ҳар бир экспонатнинг номи, тарихий даври, топилган ҳудуди ва экспозицион ёритилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Обид Тангиров ўз фикрида шундай деди:

 

— Олимларимиз билан муҳокамада мазкур экспозициядан ўрин оладиган ҳар бир манбанинг номи, ҳудудий, даврий мансублиги, асл нусха ёки кўчирма эканлиги аниқ кўрсатилиши керак. Бу ташриф буюрувчилар учун маълумотни янада равшан ва қизиқарли қилади.

 

    Муҳокама жараёнида археологлар билан ҳамкорликда ҳар бир экспонатнинг илмий тавсифи, тарихий манбаси ва музейдаги аниқ жойлашуви бўйича маълумотлар тайёрланаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, экспонатларнинг асл нусхаларини асраб қолиш ва уларни хавфсиз шароитда намойиш қилиш мақсадида махсус муляжлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

 

    Бўлимнинг асосий ғояси —  Ўзбекистон ҳудудида шаклланган цивилизациялар, уларнинг моддий ва маънавий мероси ҳамда жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссасини ёритишдир.



 

    “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” экспозицияси нафақат тарихий маълумотларни тақдим этади, балки ташриф буюрувчиларга ўтмиш нафасини ҳис этиш, аждодлар меросини янгича тажрибада кашф этиш имконини беради. Бу лойиҳа юртимизнинг бой тарихий меросини замонавий музейшунослик талаблари асосида келажак авлодга етказишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.