Бухорхудотлар ва Варахша: Деворларда битилган тарих
🔴 Қадимий сарой сирлари
🔴 Санъат ва қудрат маскани

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилаётган Варахша саройи макети — бу VIII асрда Бухорхудотлар қароргоҳи бўлган иншоотнинг илмий асосда яратилган реконструкциясидир. У Марказий Осиё шаҳарсозлиги, мудофаа тизими ва сарой меъморчилигининг ўзига хос намуналарини аниқ ва визуал шаклда акс эттиради. Шишкин бошчилигида 1937–1939 ҳамда 1947–1955-йилларда олиб борилган қазишмалар, 1986 ва 1991-йиллардаги қайта тадқиқотлар, шунингдек сўнгги археологик топилмалар асосида ишлаб чиқилган.
Макетда баланд пахса деворлар билан ўралган ситадел, марказий ҳовли ва уч асосий зал — Шарқий, Ғарбий ҳамда Қизил зал жойлашуви тўлиқ тикланган. Айниқса, Қизил зал реконструкцияси тарихий аҳамияти билан алоҳида ажралиб туради. VIII асрда бу зал деворларини баландлиги 1,63 метр ва узунлиги 9,02 метр бўлган деворий фриз безаган. Унда фил миниб ёввойи ҳайвонлар ва афсонавий мавжудотлар билан жанг қилаётган қаҳрамон тасвири ишланган бўлиб, унинг йирик бўлаги ҳозирда Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажи музейида сақланади.

Варахша шаҳри Бухородан 39–45 километр масофада жойлашган бўлиб, атрофида 12 та суғориш канали мавжуд бўлган. Шаҳар Ипак йўлининг ғарбий тармоғида муҳим бекат сифатида хизмат қилган. Макет томошабинга ушбу тарихий манзарани илмий асосланган, кўргазмали тарзда етказади. Шу жиҳати билан экспозиция нафақат тарихий ёдгорликни жонлантиради, балки Варахшанинг цивилизацион аҳамиятини ҳам чуқур ёритади.
Тарихий аҳамияти ва меъморий тузилиш
VII асрда Варахша саройи Бухорхудотлар қароргоҳи бўлиб, Бухоро воҳасининг энг йирик сиёсий ва маданий марказларидан бири сифатида танилган. Қалъа баланд пахса деворлар билан ўралган бўлиб, унда маъмурий бинолар, ҳукмдор оиласининг яшаш хоналари, маросим заллари ва хизматкорлар турар жойлари бўлган. Қалъа деворлари айрим жойларда 20 метр баландликка етган, ташқи шаҳристон деворлари эса 10 метр бўлган. Ғарбий мудофаа миноралари орасидаги масофа ўртача 30 метрни ташкил этган ва бутун шаҳар атрофи сув билан тўлдириладиган хандақ билан ўралган. Бу мудофаа тизими шаҳарнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнаган.

Сарой ички ҳовли атрофида қурилган бўлиб, уч асосий зал — Шарқий зал, Ғарбий зал ва Қизил зал — расмий учрашувлар ва маросимлар учун хизмат қилган.
▪️Шарқий зал деворларидаги “кўк фонли” композиция диққатга сазовор. Унда қанотли туяларга таянган тахтдаги ҳукмдор, ён томонларда эса олов меҳроби олдидаги диний маросим саҳналари тасвирланган. Бу, тадқиқотчилар фикрича, соғд зодагонлари орасида кенг тарқалган зардуштий анъаналар санъатдаги ифодасидир.
▪️Ғарбий зал саҳналарида жанг ва ов манзаралари устунлик қилади. Суворийларнинг ёввойи ҳайвонларни қувиши, найза ва камон ишлатишдаги маҳорати, ҳайвонларнинг ҳаракатдаги тасвири рассомнинг юксак санъаткорлигини намоён этади.
▪️Қизил зал саройнинг энг бой безатилган қисми бўлиб, деворий фриз баландлиги 1,63 метр ва узунлиги 9,02 метр бўлган икки қаватли (регистрли) композициядан иборат. Пастки қисмда фил миниб йўлбарс, пантера ва қанотли аждарҳолар билан жанг қилаётган қаҳрамон тасвири жойлашган, юқори қатламда эса ҳайвонларнинг тантанали юриш саҳнаси акс эттирилган.
Санъат
Қизил зал фризидаги марказий қаҳрамон образига турли илмий талқинлар берилган. Баъзи олимлар уни ҳинд пантеонидаги Индра билан образи билан боғлайди. Фил тасвиридаги анатомик ўзига хосликлар — кичик бош, калта оёқлар ва пастки жағдан чиққандек кўринувчи тишлар — бу ҳайвон ўша давр маҳаллий рассомлари учун экзотик бўлганидан далолат беради. Фризнинг йирик бўлаги Санкт-Петербург Давлат Эрмитажи фондида сақланади, қолган қисмлари эса Ўзбекистон ва Россия музейларида мавжуд.
Мудофаа ва сув таъминоти тизими
Варахша шаҳри мустаҳкам мудофаа тизимига эга бўлган. Қалъа деворлари, миноралари ва сув хандақлари шаҳар хавфсизлигини таъминлаган. Наршахий ёзувларига кўра, бу ерда Зарафшон дарёсидан сув олувчи 12 та суғориш канали фаолият кўрсатган. Улар шаҳар ва атроф қишлоқларни суғоришда муҳим рол ўйнаган. VIII–IX асрларда бу тизимнинг издан чиқиши аҳоли сонининг камайишига ва шаҳар таназзулига сабаб бўлган.
Археологик топилмалар
1937–1939 ва 1947–1955 йиллардаги қазишмаларда сопол идишлар, бронза ва темирдан ясалган асбоблар, зеб-зийнатлар ҳамда ганч ўймакорлиги намуналари топилган. Ганч безаклар мураккаб геометрик ва ўсимликсимон нақшлар билан ишланган ва деворий расмлар билан уйғунлаштирилган. 2020-йилги тадқиқотлар давомида XI–ХII асрларга оид 100 дан ортиқ мис, бронза, кумуш ва қўрғошин буюмлар аниқланган. Бу топилмалар Варахшада ўрта асрларда ҳам ҳунармандчилик ва хўжалик фаолияти давом этганини кўрсатади.

Варахша саройи — бу фақат қадимги Бухорохудотлар қароргоҳи эмас, балки Марказий Осиё цивилизациясининг сиёсий, маданий ва санъат юксаклигини мужассам этувчи ноёб ёдгорликдир. VIII аср деворий расмлари, мураккаб ганч ўймакорлиги, кенг кўламли меъморий режалаштируви ва мустаҳкам мудофаа тизими шаҳар ўз даврида нафақат минтақавий, балки халқаро аҳамиятга эга бўлганини кўрсатади. Ипак йўли бўйида жойлашган Варахша Шарқ ва Ғарб маданиятларининг учрашув нуқтаси бўлиб хизмат қилган.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги Варахша саройи макети ушбу ёдгорлик тарихини кенг жамоатчиликка илмий асосда етказиб берувчи муҳим воситадир. У ёш авлод ва тадқиқотчиларни ўзининг бетакрор санъати, меъморий ечимлари ва тарихий аҳамияти билан маънавий озуқа беради.
Husan TURSUNOV
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди