8 йиллик орзу рўёбга чиқмоқда

 

🔴Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасига бебаҳо асарларни кўчириш ишлари бошланди!

 

🔴Қадимий қўлёзмалардан тортиб, замонавий тадқиқотларгача бўлган бебаҳо асарлар эндиликда битта масканда жамланмоқда. Бу тарихий жараён 8 йилдан буён тайёргарлик кўрилган лойиҳа асосида амалга оширилмоқда.

 

    Ўзбекистонда илм-фан, тарих ва маънавиятга бўлган эътибор юксалиб бораётган ҳозирги даврда яна бир муҳим тарихий жараён амалга ошаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси маркази нафақат маданий-маърифий, балки бой илмий маскан бўлиши борасидаги саъй-ҳаракатларнинг натижаси кўрина бошлади.

 

     Замонавий кутубхона – бой илмий мерос маскани


    Қарийб 300 ўринга мўлжалланган замонавий кутубхона 50 мингга яқин қадимий қўлёзмалар, илмий, бадиий, тарихий, маданий-маърифий асарлар ва нодир нашрларни ўз бағрига жамлаш имкониятига эга. Бу асарларнинг ҳар бири – аждодларимиз тафаккури, билимга бўлган чексиз интилиши ва маънавий меросининг ҳаётий аксидир.

 

 

     Китобларни кўчириш бошланди


    Бугун Марказ кутубхонасига илмий-оммабоп китобларни кўчириш ишлари расман бошланди. Айни пайтда 35 мингдан ортиқ китоб Марказ кутубхона фондига жойлаштирилди.


    Бундай хайрли иш иштирокчилари жараённинг 8 йилдан буён режалаштириб келинаётгани ва ниҳоят, бу тарихий босқич амалга ошаётганини фахр билан таъкидлашмоқда.

 

     Кенг ҳамкорлик ва жамоавий саъй-ҳаракатлар


    Китобларни саралаш, рўйхатга олиш, тизимли жойлаштириш ва тўғри сақлаш ишлари бир нечта етакчи илмий муассасалар билан яқин ҳамкорликда олиб борилмоқда.

 

     Жумладан:

 

▪️Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий Кутубхонаси

 

▪️Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

 

▪️Тошкент давлат шарқшунослик университети

 

▪️Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетиларининг ахборот-ресурс марказлари ходимлари, шунингдек, бу ишда 100 дан ортиқ мутахассис ва кўнгиллилардан иборат фидоий жамоа фаол иштирок этмоқда;

 

    Улар барча асарларни профессионал тарзда тартибга келтириб, келгусида илмий жамоатчиликка кенг тақдим этишга пухта тайёргарлик кўрмоқда.



 

     Яна ҳам бойроқ фонд, кенгроқ имкониятлар


    Бошқа кутубхоналар билан ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилган. Бу орқали фонд янада бойитилиб, кутубхонадаги электрон базалар, рақамлаштириш ва ахборот технологияларидан фойдаланиш жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу эса, маҳаллий ва хорижий олимлар, тадқиқотчилар учун кенг илмий имкониятлар эшигини очади.

 

     Келажак сари илмий кўприк


    Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси – бу ўтмиш билан келажакни боғловчи илмий ва маънавий кўприкдир. Ундаги ҳар бир саҳифа – аждодларимиз тафаккури, маънавий мероси ва илмга бўлган садоқатининг тимсолидир.


    Бу кутубхона нафақат китоб сақланадиган жой, балки илм-фан, маърифат ва маданият маркази сифатида фаолият юритади.


    Айни пайтда Марказ масъуллари, ходимлари, кутубхона мутахассислари ушбу маърифат маскани илм аҳли, талабалар ва тадқиқотчилар ўз эшикларини очиши учун тиним билмай ҳаракат қилишмоқда. Илмни ардоқлайдиган ҳар бир инсон бу даргоҳдан илҳом ва бебаҳо маълумот топишига ишончимиз комил.