Бобурнинг жияни битган тарихий асар факсимил нусхаси яратилади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини янада бойитиш мақсадида тарихий ва маданий жиҳатдан ўта муҳим манба — Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Дуғлотнинг машҳур “Тарихи Рашидий” асари илмий тадқиқ этилиб, унинг факсимил нусхасини яратиш режалаштирилмоқда.

 

ХVI асрнинг йирик муаррихи, адиби ва давлат арбоби Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Дуғлот Мовароуннаҳр ҳамда унга қўшни ҳудудларнинг сиёсий ва маданий ҳаётини ўз асарида атрофлича ёритган. “Тарихи Рашидий” нафақат тарихий, балки адабий жиҳатдан ҳам қимматли асар ҳисобланади.

 

Асарнинг факсимиле нусхасини тайёрлаш — унинг асл қиёфасини сақлаб қолиш, илмий жамоатчилик ва кенг оммага таништиришда муҳим қадам ҳисобланади. Шу орқали тарих билан бевосита мулоқот имкони яратилади.

 

Марказ экспозициясига “Тарихи Рашидий” асарининг қўшилиши ташриф буюрувчилар учун янги маданий тажриба яратиб, тарихимизнинг яна бир ёрқин саҳифаси билан танишишга замин яратади.