400 йиллик Туркистон ҳаётига саёҳат қилиш имконияти яратилмоқда
🔴 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази XVI–XIX асрлар хазинасини очишга тайёрланмоқда
🔴 Гўё вақт машинасига ўтиргандай Туркистон ҳаёти ва маданиятига ноодатий саёҳат қилиш мумкин

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида хориждан олиб келинган қатор ноёб артефактлар ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтидан тақдим этилган 40 га яқин қўлёзма асар устида пухта иш олиб борилмоқда. Бу ноёб маданий мерос дурдоналари XVI–XIX асрлар Туркистон тарихини ёритувчи Хонликлар даври экспозициясида жой олиши кутилмоқда.
Экспонатлар орасида Шайбонийлар, Аштархонийлар, Манғитлар, Минглар ва Қўнғиротлар сулолалари тарихига оид китоблар, деворий суратлар, сўзаналар, миллий кийимлар ва маиший буюмлар алоҳида аҳамиятга эга. Улар нафақат тарихий аҳамияти, балки бадиий қиймати билан ҳам ажралиб туради.
Бугун Марказда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда лойиҳа раҳбарлари, тарихчилар, санъатшунослар, этнографлар ва бошқа йўналиш мутахассислари иштирок этиб, Хонликлар даври экспозицияси бўйича амалга оширилган ишлар, режалар ва таклифларни муҳокама қилди. Йиғилишда ҳар бир витрина ва артефакт учун тайёрланган илмий тавсифлар тақдим этилди, этикетажлар ва тушунтириш матнлари қайта кўриб чиқилди.
Муҳокамаларда тарихий фактларнинг аниқлигига алоҳида эътибор қаратилди. Хронология ёки жой номларидаги энг кичик хатолар ҳам олимлар томонидан жиддий камчилик сифатида изоҳланди ва улар илмий манбалар асосида тузатилди.
Тарих фанлари доктори Дилноза Жамолованинг таъкидлашича,
экспозициянинг мазмунли ва тўлиқ тақдимоти учун беш йўналиш бўйича етакчи мутахассислар жалб қилинган. Масалан, санъатшунослар — деворий суратлар ва сўзаналар ҳақида, этнографлар — миллий кийимлар ва маиший буюмлар ҳақида, тарихчилар эса сулолалар тарихи ва сиёсий воқеалар ҳақида тўлиқ илмий маълумот тайёрламоқда.

Йиғилиш якунида залларни тўлиқ тайёрлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, Хонликлар даври экспозициясининг ҳаққоний ва илмий жиҳатдан асосли тақдимоти, экспонатларнинг тартибли жойлашуви, матнларнинг аниқ таржимаси ва кўргазма дизайни ишлари якунига етказилиши белгиланди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа