Тарихий экспонатлар учун халқаро талабларга мос илмий паспорт тайёрлаш бошланди

 

🔴 Тадқиқотчилар ва илмий каталоглар учун асосий манба

 

🔴 Исломдан аввалги даврнинг маданий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатлари махсус матнларда 



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлими учун аннотация ва изоҳ матнларини якунлаш ишлари қизғин давом этмоқда. Бугунги илмий муҳокамада тарихчилар, археологлар, этнографлар ва музейшунослар иштирокида экспонатлар ҳақидаги маълумотлар пухта таҳлил этилди.

 

    Аннотациялар — экспонат ёнида жойлашадиган қисқа, бироқ мазмунли матнлар бўлиб, меҳмонларга артефактнинг номи, топилган жойи, мансуб асри, зарур ҳолларда яратувчиси ёки алоқадор тарихий шахс ҳақида аниқ маълумот беради. Улар аввал ўзбек тилида ёзилиб, сўнг бир нечта хорижий тилларга таржима қилинади.

 

    Тарих фанлари доктори Жаннат Ислоилованинг таъкидлашича,

 

ҳар бир тарихий бўлим учун алоҳида кенгайтирилган матнлар ҳам тайёрланмоқда. Масалан, қадимги Бақтрия, Суғд ва Хоразм цивилизациялари бўлимларида махсус матнлар орқали ўша даврнинг маданий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатлари ёритилади.

 

    Айрим экспонатлар ёнида сунъий суғориш тизимларини акс эттирган макетлар ўрнатилади, LED экранларда эса қисқа видеороликлар намойиш этилади. Бу орқали меҳмонлар кўраётган артефактнинг моҳиятини чуқурроқ англайди.

 

    Муҳокамада шунингдек, ҳар бир экспонат учун халқаро талабларга мос илмий паспорт тайёрланиши маълум қилинди. Ушбу ҳужжатлар тадқиқотчилар ва илмий каталоглар учун асосий манба бўлиб хизмат қилади.



 

    Йиғилишда нумизматлар — тангалар, этнографлар — халқ турмуши буюмлари, археологлар — қазилма топилмалар ҳақидаги маълумотларни қайта кўриб чиқиб, аннотацияларни бойитиш таклифи киритилди.

 

    Турли соҳалар мутахассисларининг ҳамкорлиги натижасида ҳар бир артефакт ҳақидаги маълумотлар халқаро талабларга мослаштирилаётгани, келгусида марказнинг жаҳон музейлари қаторида муносиб ўрин эгаллашини таъминлайди.