Ноёб асарлар ва интерактив тарих: “Иккинчи Ренессанс” экспозициясининг сўнгги тайёргарликлари қизғин давом этмоқда

 

🔴 Замонлар мулоқотининг интерактив имконияти 

 

🔴 Тарихий қўлёзмалардан QR-кодларгача... 



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясининг “Иккинчи Ренессанс” бўлимида экспонатларнинг жойлашуви, этикетлар матни ва витриналар дизайни бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди.

 

    Ишчи гуруҳ раҳбарлари ва аъзолари иштирокида экспонатларни музейда жойлаштиришнинг якуний босқичлари доирасида ўтказилган йиғилишда Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Темурий маликалар ва Бобурийлар тарихига бағишланган секторларда намойиш этиладиган ноёб асарлар, қўлёзмалар, бадиий буюмлар ва миниатюраларнинг визуал услуби юзасидан таклифлар билдирилди. Ишчи гуруҳ раҳбари ва таркиб аъзолари ҳар бир экспонатнинг келиб чиқиши, даври ва илмий қийматини пухта ўрганиб, маълумотларни тўлдириш ва мазмунни янада жозибадор қилиш бўйича фикр алмашишди.

 

    Темурийлар тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари номзоди, доцент Хуршид Файзиевнинг таъкидлашича, 

 

экспонатларнинг жойлашуви ва уларни тавсифловчи этикетлар бўйича якуний келишувга эришилди. Бу қарор, аввало, экспозициянинг илмий ва маданий қийматини ошириш ҳамда дунё музейшунослик анъанасига мос тарзда тақдим этишга хизмат қилади.



 

    Бўлим концепциясида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган. 

 

    Ҳар бир экспонат ҳақида ўзбек ва инглиз тилларида маълумот тақдим этилади, ёнидаги QR-кодлар орқали эса етти тилда қўшимча маълумот олиш имкони яратилади. Мирзо Улуғбек ва Бобур секторларидаги интерактив экранлар орқали уларнинг ҳаёти, фаолияти ҳамда давр санъати ва маданияти ҳақида видеоматериаллар намойиш этилади.

 

    Экспозицияда “Темур даврида кўчирилган Қуръон варақлари”, “Ҳофиз-и Абру дунё харитаси”, “Иброҳим Султон совути”, “Темурийлар даврига оид ноёб халат”, “Шоҳрух Мирзо нишони”нинг электрон нусхаси, “Бибихоним кийими”, “Темурий маликалар расмлари” каби қимматли экспонатлар намойиш этилиши режалаштирилган.

 

    Сектор пештоқлари дизайни ҳам алоҳида эътиборга лойиқ: Амир Темур секторида — Бибихоним масжиди нақшлари, Шоҳрух Мирзо секторида — Гавҳаршодбегим мадрасаси безаклари, Ҳусайн Бойқаро секторида эса Мозори Шарифдаги Мовий гумбаз пештоқлари тасвирлари қўлланилади. Бу ечим ташриф буюрувчиларга тарихий муҳитни янада чуқур ҳис этиш имконини беради.

 

    Мутахассислар фикрича, “Иккинчи Ренессанс” бўлимида олиб борилаётган ишларнинг замонавий технология ва бой тарихий мерос уйғунлиги келгусида Ислом цивилизацияси марказини нафақат мамлакатда, балки халқаро миқёсда ҳам энг нуфузли илмий-маданий масканлардан бирига айлантиради.