3000 йиллик тарихнинг ХХ аср саҳифалари Марказда қандай намоён бўлади?

 

🔴Туннел орқали тарихга саёҳат

 

🔴 Бир экспозиция, уч давр ва юзлаб хотиралар...



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Исломдан аввалги даврдан Янги Ўзбекистонгача бўлган 3000 йиллик тарих замонавий воситалар орқали кенг ёритилади. Шу қаторида, ХХ аср воқеалари — жадидлар ҳаракати, муфтий Бобохоновлар сулоласи, Шароф Рашидов даври, Мустақиллик йиллари ва Янги Ўзбекистон босқичи марказдаги махсус “туннел” орқали намойиш этилиши режалаштирилган.

 

    Марказда ишчи гуруҳ аъзоларининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон ХХ асрда” бўлими бўйича амалга оширилаётган ишлар ва мазмуний концепция муҳокама қилинди. Дастлаб, бўлимнинг асосий ғояси, тарихий даврларни ёритиш тамойиллари ва экспозиция таркибини шакллантириш жараёни ҳақида батафсил маълумот берилди. 

 

    Хусусан, жадидлар фаолиятига оид “Амударё”, “Ер Юзи”, “Ал-Ислаҳ”, “Баён ул-ҳақ”, “Уламо жамияти” каби газета ва журналлар ҳам экспозициянинг муҳим қисми сифатида киритилиши қайд этилди. 

 

    Музокаралар давомида Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ва Шамсуддинхон Бобохоновлар фаолиятига оид экспонатларни экспозицияда архив фото ва видеоматериаллар асосида намойиш этиш имкониятлари тилга олинди. 

 

    Шу билан бирга, Ўзбекистонда диний идора ташкил этилиши билан боғлиқ ҳукумат қарорлари, тарихий ҳужжатлар ва фотосуратларни ҳам экспозицияга киритиш тавсия этилди.

 

    Шароф Рашидов даврига бағишланган қисмда адабиёт, санъат, меъморчилик ва қишлоқ хўжалигидаги ютуқлар, метро қурилиши ва унинг дизайни, шунингдек, Рашидовнинг танланган асарларини намойиш этиш таклифи илгари сурилди.



 

    Тарих фанлари доктори, профессор Темур Шириновнинг таъкидлашича,

 

“Рашидов даври Ўзбекистонда кенг кўламли қурилишлар, маданият ва техника соҳасидаги юксалишлар билан ажралиб туради. Бу давр рамзларидан бири – Тошкент метрополитени бўлиб, унинг миллий услубда безатилган, жумладан, “Алишер Навоий” каби нафис ўзбекона дизайнли станциялари алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, метро архитектураси, Тошкент телеминораси каби меъморий иншоотларнинг барчаси ўша замон руҳини ёрқин ифодалайди. Ана шу каби тарихий объектларнинг визуал тасвирлари орқали томошабинлар Рашидов даврини дарҳол таний олиши мумкин бўлади”.

 

    Мустақиллик даври бўлимида 1991 йил 31 августдаги Мустақиллик декларацияси, Мустақиллик тўғрисидаги қонун, Ислом Каримов асарлари ва кутубхона фондини улар билан бойитиш режаси муҳокама қилинди.



 

    “Махсус туннель” экспозициясида даврий кетма-кетлик асосида Президент Шавкат Мирзиёевнинг қасамёд маросими орқали музейнинг “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” қисмига ўтиш визуал тарзда ифодаланиши белгиланди.

 

    Йиғилиш якунида олимлар лойиҳалар мазмуни ва уларни визуал тақдим этиш бўйича якдил хулосага келишди.