Ислом цивилизацияси маркази музейининг Қуръон зали бўйича ишлар қай босқичда?
🔴 Асрлар орқали маънавият саёҳати
🔴 Дизайн ва маърифат учрашган маскан

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг навбатдаги штаб йиғилишида ишчи гуруҳ аъзолари Қуръони карим зали экспозицияларининг жойлашуви, витриналар дизайни ҳамда экспонатлар этикетажи каби муҳим масалаларни атрофлича муҳокама қилишди.
Йиғилиш давомида залнинг концепцияси, тарихий ва маданий аҳамиятга эга экспонатларни тақдим этиш услублари, уларнинг замонавий технологиялар ёрдамида намойиш этилиши бўйича таклифлар билдирилди. Шунингдек, экспозицияларнинг жойлашуви ҳамда зиёратчиларга қулайлик яратиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Айтиб ўтиш жоизки, Қуръон зали Ислом цивилизацияси марказининг энг асосий бўлимларидан бири бўлиб, у VII асрдан то ҳозирги давргача бўлган муқаддас китобнинг тарихий нусхалари, қўлёзмалари ва ноёб нашрларини ўз ичига олади. Бу зал нафақат илмий-тадқиқот жиҳатидан, балки маънавий-маърифий аҳамияти билан ҳам алоҳида ўрин тутади.

“Қуръони карим зали Ислом цивилизацияси маркази учун муҳим бўлган энг асосий бўлимлардан бири эканлиги барчага маълум. Шундай экан, долзарб жараёнларда ушбу бўлимда энг сара ва керакли бўлган экспонатларни жойлаштириш, Қуръони каримдан нодир нусхаларни тақдим этиш асосий вазифаларимиздандир. Шу боисдан ҳам айтиш керакки, олдимизда жуда масъулиятли вазифалар бор. Ишончни оқлаш ва савобли ишлар йўлида бардам бўлишимиз лозим.”, - деди Исломшунослик фанлари доктори Миржалол Қосимов.

Йиғилишда таъкидланганидек, мазкур бўлим бўйича ишлар деярли якуний босқичга кирган бўлиб, ҳар бир деталнинг мукаммал бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қуръон зали ва бошқа экспозициялар миллий меросимизни кенг жамоатчиликка, айниқса ёш авлодга етказишда муҳим ўрин тутади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа