Эрон ҳукмдорларининг темурийларга тегишли бўлган энг қимматли бойликлари аниқланди
🔴 Марказ делегациясининг Эрондаги илмий кашфиётлари
🔴 Тарих, мерос ва ҳамкорлик кўпригидаги топилмалар

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Эроннинг Машҳад, Теҳрон ва Тус шаҳарларига амалга оширган хизмат сафари давомида бу юртнинг тарихий ва маданий мероси билан яқиндан танишди.
Машҳадда делегация Темурийлар даврига оид мадрасалар, масжидлар ва карвонсаройларни кўздан кечирди. Сафарнинг энг муҳим нуқтаси XV асрда Гавҳаршод Бегим ташаббуси билан қурилган, Имом Ризо мажмуасида жойлашган Гавҳаршод Бегим масжидини зиёрат қилиш бўлди. Мазкур ёдгорликнинг меъморий безаклари ва услуби Самарқанд ва Бухоро обидаларига уйғунлиги билан ажралиб туради.

Гавҳаршод Бегим масжиди Шоҳруҳ Мирзо ҳукмронлиги даврида барпо этилган бўлиб, унинг қурилишида Амир Темурнинг келини ва Шоҳруҳ Мирзонинг севикли ёри Гавҳаршод Бегим шахсан ташаббускорлик қилган. У бунёдкорлик ишлари учун ўз шахсий жамғармасидан катта маблағ ажратган. Масжид юз асрлардан буён ўз мақсадида хизмат қилиб, бугунги кунда ҳам намозхонлар ва зиёратчиларнинг севимли ибодатгоҳларидан бири бўлиб қолмоқда.
Мазкур ёдгорликнинг 3D модели ёки макетини келгусида Марказ экспозициясида намойиш этиш режалаштирилган.

Шунингдек, делегациянинг Теҳрондаги Саъдобод ҳарбий музейига ташрифи давомида Амир Темурга тегишли икки тарихий қилич аниқланди. Темурийлар даврида ясалган бу асарларда “Ё Фаттоҳ” калимаси ўта нозик ҳунармандчилик билан битилган. Музей маълумотларига кўра, ушбу асарлар узоқ асрлар давомида Эрон ҳукмдорларининг энг қимматли ва ифтихор билан сақланадиган бойликлари ҳисобланган.
– Бугунги кунда бу икки ноёб асар Саъдобод ҳарбий музейининг энг қимматли экспонатлари қаторида намойиш этилмоқда. Мазкур қиличларнинг нусхасини тайёрлаб, келгусида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этиш бўйича музей раҳбарлари билан музокаралар олиб бордик, – деди марказ илмий котиби Рустам Жабборов.
Қайд этиш керакки, Саъдобод мажмуаси — Эроннинг энг хушманзара ва тарихий жиҳатдан бой масканларидан бири. Бир пайтлар Эрон ҳукмдорларининг расмий қароргоҳи бўлган бу ҳудудда айни пайтда 20 га яқин музей фаолият кўрсатади. Ҳарбий музейда эса эрамиздан олдинги VII асрдан то XX асргача бўлган даврни қамраб олган минглаб экспонатлар сақланади.
Сафар доирасида делегация Туз шаҳрида буюк шоир Абулқосим Фирдавсий мақбараси ва Темурийлар даврида қайта тикланган Хоруния хонадонини ҳам зиёрат қилди.
Тарихий манбаларга кўра, бу ҳудудда дастлаб Салжуқийлар даврида Низомия мадрасаси фаолият кўрсатган, Мўғуллар босқинида вайрон қилинган, сўнг Темурийлар даврида қайта тикланиб, ёнида хонақоҳ қурилган. Бу маскан асрлар давомида тасаввуф вакилларини йиғадиган марказ ва таълим маскани сифатида хизмат қилиб келган.
Шунингдек, мулоқот давомида Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарининг ўзбек адабиёти ва китобат санъатидаги ўрнига бағишланган маърузалар тингланди.
Марказ делегациясининг бу ташрифи икки мамлакат ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Ислом цивилизацияси меросини тарғиб этишда муҳим қадам бўлди. Сафарда йиғилган материаллар Марказ экспозициясини янада бойитишга хизмат қилади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа