Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида янада масъулиятли ва жиддий босқич


🔴 Исломдан аввалги давр экспозициясида 90 фоизлик натижа 

 

🔴 Экспонатлар учун махсус талаблар 



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида экспонатларни, ноёб асори-атиқаларни музей экспозициясига жойлаштиришга тайёргарлик жараёни қизғин паллага кирган. Марказда таҳлилий  руҳда бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама йиғилишида маълум қилинишича, ҳозирда Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлимининг асосий ишлари қарийб 90 фоизга якунланган.

 

    Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида ўтказилган йиғилишда Туркиянинг Outdoor Factory компанияси директори Синан Тураман,  тарих фанлари доктори Жаннат Исмоилова ва масъул ходимлар иштирок этиб, якунловчи босқичдаги ишлар бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди. 

 

   Қурилиш ишлари деярли якуний босқичга кириб бўлган Марказ музейи экспозициясига ноёб асори-атиқаларни жойлаштириш бу ўта масъулиятли ва мураккаб босқич ҳисобланади. Ана шуни инобатга олган ҳолда ҳар бир экспонат махсус қутиларда эҳтиёткорлик билан жойлаштирилиш, транспорт жараёнида бутлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, хавфсизликка риоя қилган ҳолда экспонатлар белгиланган жойига ўрнатилади.

 

    Тарих фанлари доктори Жаннат Исмоилованинг таъкидлашича, концепцияни ишлаб чиқиш жараёнида ортиқча безаклар, ҳаддан ташқари анимация ёки саҳнавий ечимлардан воз кечиш тўғрисида келишувга эришилган. Бу қарор экспозициянинг илмий ва маданий қийматини асраб қолиш ҳамда уни жиддий музей анъанасига мос ҳолда тақдим этиш мақсадида қабул қилинган.



 

    Қайд этилишича, янгича музей концепциясида замонавий ахборот технологиялари кенг қўлланади: барча маълумотлар ўзбек ва инглиз тилларида тақдим этилади, экспонатлар ёнидаги QR-кодлар орқали эса маълумотни саккиз тилда олиш имкони яратилади. Бу халқаро туристлар ва маҳаллий аҳоли учун экспозиция билан танишиш жараёнини анча енгиллаштиради.

 

    Мутахассисларнинг таъкидлашича, ишлар тез суръатда амалга оширилмоқда ва экспозиция тўлиқ фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.