Бугун маърифатпарвар шоир Аваз Ўтар таваллуд топган кун



 

    1884 йил Хива шаҳридаги ҳунарманд оиласида дунёга келган Аваз Ўтар, ўзбек маърифатпарварлик ҳаракатининг йирик вакили сифатида адабиёт тарихимизда алоҳида ўрин тутади. Ёшлигиданёқ ижодга қизиққан шоир 14 ёшида шеър ёзишга киришган, 18 ёшида эса халқ орасида шоир сифатида ном чиқарган. Унинг ғазал ва лирик шеърлари халқ қўшиқларига айланиб, кенг таркалган.

 

    Аваз Ўтар ҳақидаги шон-шуҳрат Хива хонлиги саройигача етган. Сарой адабий ҳаётига бошчилик қилган Муҳаммад Раҳимхон соний (Феруз) уни ҳам саройга чорлаган. Бироқ шоир сарой муҳити билан чиқишолмай, эркин ижод йўлини танлаган.

 

    Шоир ғазал, мухаммас, рубоий жанрларида ижод қилиб, асарларида жаҳолатга қарши кураш, илм-маърифатни ривожлантириш, миллат маънавиятини кўтариш ғояларини илгари сурган. Унинг шеърлари XIX аср охири ва XX аср бошларидаги Хоразм ижтимоий-сиёсий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ.

 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Аваз Ўтар – ўзбек маърифатпарвар шоири” номли медиалойиҳани амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида шоирнинг назмий мероси илмий таҳлил қилинади, мультимедиа материаллар, интерактив кўргазмалар ва визуал тақдимотлар тайёрланади, Аваз Ўтарнинг маърифатпарварлик ғоялари замонавий аудиторияга янгича форматда етказилади.