Шаҳар ичидаги шаҳарча
🔴 Ҳунар ва ҳокимият маскани
🔴 Асрлар таянчи, замон кўзгусида

Ўзбек халқи ҳаётида “маҳалла” сўзи оддийгина ҳудудий бирликдан кўра кенгроқ, чуқурроқ маънога эга. Бу атама арабча бўлиб, “ўрин-жой” маъносини билдиради. Тарихий жараёнлар давомида турли ҳудудларда у “маҳаллот”, “гузар”, “жамоа”, “элат” каби номлар билан ҳам аталган. Ҳозирги кунда эса у нафақат маъмурий бирлик, балки ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва жамоавий масъулиятнинг энг яққол ифодасидир.
Тарихий илдизлари
Маҳалла тарихи инсониятнинг дастлабки жамоа тузилмалари билан чамбарчас боғлиқ. Археологик манбаларга кўра, жез даврида Сополлитепа ёдгорлигида 8 та оила бир ҳудудда яшаган бўлиб, уларни фақат уруғчилик эмас, балки умумий ишлаб чиқариш манфаатлари ҳам бирлаштириб турган. Вақт ўтиши билан патриархат тизим асосида оилалар сони юздан ошиб, жамоани оқсоқоллар бошқара бошлаган. Оқсоқоллар эса олий кенгашга бирлашиб, қишлоқ ҳаёти, сулҳ тузиш, солиқларни белгилаш ва жамоавий ишларни ташкил этиш каби масалаларни ҳал қилган.
Милоддан аввалги III асрдан милодий V аср бошларигача Фарғона (Паркана) давлатида оқсоқоллар кенгаши сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг муҳим қарорларини қабул қилган. Бу анъана кейинги асрларда ҳам давом этиб, маҳалла бошқаруви жамоавий келишув ва ўзаро масъулиятга асосланган бўлиб қолган.
Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” асарида бундан 1100 йил аввал Бухорода бир нечта маҳаллалар бўлганини қайд этади. Алишер Навоий эса “Ҳайрат ул-аброр”да маҳаллани “шаҳар ичидаги шаҳарча” деб таърифлайди. Амир Темур даврида эса маҳаллалар ҳунар асосида шаклланган: заргарлик, мисгарлик, кўнчилик, пичоқчилик ва бошқа кўплаб касблар номи билан аталган. Маҳалла нафақат яшаш жойи, балки маҳаллий ҳокимиятнинг ўзига хос шакли бўлиб, ёзилмаган ички тартиб-қоидаларга эга эди.
“Ўтмиш сарқити” эмас аксинча...
Маҳалла — кичик маъмурий ҳудуд бўлиш билан бирга, умумий қадриятлар, анъаналар ва урф-одатлар билан боғланган кишилар жамоасидир. Улар маросимларни биргаликда ўтказиш, ҳудудни ободонлаштириш, ёшларни тарбиялаш, тартибни сақлаш, расм-русумларни кузатиш каби вазифаларни адо этишган. Ҳашар орқали ариқлар тозаланиб, кўчалар таъмирланган, ижтимоий бирдамлик мустаҳкамланган.
ХХ аср бошларида маҳаллаларни оқсоқоллар бошқарган. Юзбоши ва унинг ёрдамчилари жамоат ишларини юритиб, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилган. Аммо совет даврида маҳаллалар “ўтмиш сарқити” сифатида кўрилиб, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари чекланган. Шунга қарамай, маҳалла ўзининг яшовчанлигини намоён этиб, анъаналарини сақлаб қолди.
Мустақиллик даврида маҳалла тикланиши
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, маҳалланинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни қайта тикланди. 1993 йилда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун асосида маҳаллалар юридик шахс мақомига эга бўлди. Улар ўз мол-мулки, бюджети ва ҳисоб рақамига эга бўлиб, ҳудудида ишлаб чиқариш ташкил этиш, кичик корхоналар очиш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш, аҳолига хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди.
1993 йил 17 августда “Маҳалла” хайрия жамғармаси ташкил этилиб, кам таъминланган оилалар, кексалар, ногиронлар, кўп болали оилалар ва етим-есирларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар йўлга қўйилди. “Маҳалла” газетаси эса бу соҳадаги фаолиятни ёритиб борди.
Маҳалла юртимизда тинч-осойишта ҳаётни таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга — дўстона қўшничилик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ғамхўрлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги ПФ–209-сон фармони ва ПҚ–402-сон қарорига мувофиқ “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси” ташкил этилди. Бу ислоҳотлар маҳалла институтининг жамиятдаги ролини янада оширишга ва уни аҳоли муаммоларини ҳал этишда “биринчи бўғин” сифатида мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу каби ислоҳотларни кўплаб келтириш мумкин.

Янги Ўзбекистон маҳалласи
Бугунги кунда маҳалла концепцияси янги босқичга чиқмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази доирасида яратилаётган “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида махсус маҳалла макети ташкил этилиши режалаштирилган. Бу бўлимда томошабин гўёки ҳақиқий замонавий ўзбек маҳалласида юргандек ҳис қилади.
Энг қизиқарли жиҳати шундаки, экспозиция биргина ҳудудни эмас, балки турли минтақалардаги илғор тажрибаларни жамлайди. Масалан, “Маҳалла еттилиги” тизими орқали фуқаролар солиқларни тўлаш, хизматлардан фойдаланиш учун туман марказига бормасдан, бевосита маҳалланинг ўзида барча ишларни ҳал қилиши мумкинлиги амалий мисоллар билан кўрсатиб берилади.
Лойиҳа доирасида ҳар бир маҳалланинг тарихий, маданий ва ижтимоий жиҳатларини қамраб олувчи рақамли каталог яратилади. Илмий ишланмалар, ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар тайёрланиб, 3Д форматида намойиш этилади. Бу нафақат меҳмонларга, балки ўзбекистонликларга ҳам маҳалла институтининг нақадар ноёб ва ўзига хос эканини янада чуқурроқ англаш имконини беради.

Экспозиция бўйлаб сайр қилган томошабин Янги Ўзбекистон қиёфасини босқичма-босқич ҳис қилади. Маҳалла — ўзбек жамиятининг асрлар синовидан ўтган таянчи эканини, ундаги инсон қадри ва ижтимоий бирдамлик тушунчалари эса бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини англайди.
Shahnoza Rahmonova
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди