Тараққийпарвар шоир, мутафаккир, публицист Фурқат ҳақида медиалойиҳа яратилмоқда



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Қўқон хонлигидаги адабий муҳит ҳам акс этиши кўзда тутилмоқда. Лойиҳалар доирасида тараққийпарвар шоир, мутафаккир, публицист Фурқат ҳақида ҳам медиалойиҳа яратилмоқда. У XIX аср иккинчи ярми ва XX аср бошларидаги ўзбек халқчил адабиёти, маърифатпарварлик ҳаракати ва миллий публицистиканинг йирик намояндаларидан бири ҳисобланади. Унинг ҳаёти ва ижоди миллий адабиётимизда янги ғоялар, янги мавзулар ва замонавий тафаккур усулларини шакллантиришда муҳим ўрин тутди.

 

    Фурқат Қўқонда илғор фикрли зиёлилар оиласида туғилди. Ёшлигидан отаси орқали ўзбек ва форс адабиётининг буюк намояндалари ижоди билан танишди, айниқса Алишер Навоий асарларига чуқур муҳаббат билан муносабатда бўлди. Форс тилини мукаммал ўзлаштирди ва хаттотлик санъатидан сабоқ олди.

 

    1870–1880 йилларда Фурқат адабий муҳитда тобора фаоллашиб, ишқий ғазаллар, мухаммаслар ва Навоий асарларига назиралар ёзди. Қўқон ва Марғилон зиёлилари орасида обрў қозонди, Муқимий, Мухйи, Завқий каби ижодкорлар билан ҳамкорлик қилди.

 

    Шу йилларда ижтимоий-сиёсий мавзуларга йўналган асарларида мустамлака тузуми иллатларини, адолатсизлик ва зўравонликни фош этди. “Сайдинг қўявер, сайёд” мусаддаси ва “Бўлди” радифли мухаммасида инсонпарварлик, эрксеварлик ва халқ манфаатларини ҳимоя қилиш ғоялари яққол намоён бўлади.

 

    1890 йилдан “Туркистон вилоятининг газетаси”да мақолалар ёзиб, халқни замонавий билимлар ва техника ютуқларига чорлади. “Илм хосияти”, “Виставка хусусида” каби мақолаларида илм-фан ва маданиятнинг тараққиётдаги ўрнини тушунтирди. У замонавий маориф, мактаблар очиш ва фан-техника ютуқларини ўрганишни миллий тараққиёт калити сифатида кўрди.

 

    1891 йилдан бошлаб Фурқат Туркия, Болқон, Макка, Ҳиндистон ва Шарқий Туркистонда бўлди. Саёҳатлар унинг дунёқарашини янада бойитди, аммо айни вақтда Ватан соғинчи унинг шеърлари ва мактубларида асосий мотивга айланди. “Сабога хитоб”, “Адашганман” туркумлари, “Рўмоллик қиз ҳикояти” каби асарларида айрилиқ азоби ва юртга муҳаббат теран ифода топган. Фурқат Ёркентда яшаб ижод қилди, форсий ва ўзбек тилида ижтимоий ва лирик шеърлар ёзди. У миллий адабиётимизда икки тилда ижод қилган кам сонли шоирлардан бири ҳисобланади. 1909 йилда Ёркентда вафот этди.

 

    Унинг мероси – маърифатпарварлик ғоялари, лирик ва ижтимоий шеърияти, публицистикаси – ўзбек адабиёти ва матбуот тарихи ривожида ўчмас из қолдирди.