Эрон миллий кутубхонасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази хонаси ташкил этилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунёдаги энг нуфузли илмий-маърифий масканлардан бири бўлиши кутилмоқда. Бу Марказ ислом дини, маданияти ва маърифатини, дунё олимларининг жаҳонга қўшган бебаҳо ҳиссасини кенг намойиш этишни мақсад қилган. Шу йўлда бир неча хорижий давлатлар, хусусан, Эрон Ислом Республикаси билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда. Ана шу ҳамкорлик самараси ўлароқ Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси ушбу мамлакатда хизмат сафарини амалга оширмоқда. Сафарнинг мақсади эса биргаликда амалга оширилаётган лойиҳаларни жадаллаштириш, Ислом цивилизацияси маркази очилиш маросимида Эрон кутубхона ва музейларида сақланаётган қимматли экспонатларни намойишга жалб этишдир.
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Республикасининг Эрон Ислом Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фариддин Насриев, Эрон Ислом Республикаси Миллий архиви ва кутубхонаси раҳбари Ғуломризо Амирхоний, шунингдек, кутубхона ходимлари ва Марказ ходимлари ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.

Эрон Ислом Республикаси Миллий архиви ва кутубхонаси раҳбари Ғуломризо Амирхоний сўзга чиқиб, Ўзбекистон билан муносабатлар кундан-кунга юқори босқичга чиқаётганини юқори баҳолади.

– Ўзбекистон делегациясини қабул қилиш ва муштарак меросимизни, бу ерда сақланаётган Ўзбекистон билан бевосита алоқадор бўлган осори-атиқалар билан сизларни таништиришдан мамнунмиз. Икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари самараси ўлароқ бугун кутубхонамизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази хонаси очилаётгани дўстликнинг яққол тимсолидир. Марказ очилишида муваффаққият ва мегалойиҳа ишига омадлар тилаб қоламиз, – деди у.
Мулоқот чоғида Эрон Ислом Республикаси Миллий архиви ва кутубхонаси фаолияти ва тарихига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Унда 12 та зал мавжуд бўлиб, энг нодир қўлёзмаларни ҳам ўз ичига олгани таъкидланди. Шунингдек, кутубхона фондидан бир қатор мовароуннаҳрлик Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Тусий, Мусо Хоразмий каби алломалар асарлари ўрин олган. Кутубхонада эроншунослик ва исломшунослик заллари мавжуд.


Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасининг Эрон Ислом Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фариддин Насриев сўзга чиқиб, бу каби илмий учрашувлар ортида давлатлар олий раҳбарларининг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади.

– Эрон миллий кутубхонаси таркибида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси очилаётгани билан ҳар икки томонни чин дилдан табриклайман. 2023 йил Ўзбекистон Президентининг Эрон Ислом Республикасига ташрифи давомида ўтказилган музокараларда икки мамлакат ҳамкорлигининг янги устувор йўналишлари белгилаб берилган. Илмий, маърифий-маданий йўналиш доирасидаги ҳамкорликлар самараси ўлароқ, Эрон миллий кутубхонасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази хонаси очилди, – деди элчи.
Шундан сўнг Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқиб, мазкур ҳамкорликлар икки мамлакат раҳбарларининг маданий-маърифий йўналишдаги устувор вазифалари ижросининг яна бир янги қадами эканлигини эътироф этди.
– Ўзбекистоннинг маънавий-маданий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида дунёдаги бир неча нуфузли Миллий кутубхоналар ва музейларда ҳам Марказнинг алоҳида хоналарини ташкил этиш режалаштирилган. Қатар, Туркия, Бирлашган Араб амирликлари каби давлатлардаги миллий кутубхоналар ва музейлар билан ҳамкорлик музокаралари олиб борилмоқда. Эрон Ислом Республикасидаги Миллий архиви ва кутубхонасида илк бор Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази хонасининг очилиши ҳам ҳурматли Президентимизнинг Марказ олдига қўйган вазифалари ижросининг яна бир янги қадамидир, – деди Марказ директори.

Шунингдек, учрашув давомида ҳозирда Теҳронда бўлиб турган Марказ илмий котиби Рустам Жабборов делегациянинг хизмат сафари доирасида аниқланган осори-атиқалар ҳақида маълумот берди.

– Эроннинг Саъдобод ҳарбий музей мажмуасида буюк соҳибқирон Амир Темурга тегишли бўлган иккита қилич сақланмоқда. Бу қилич узоқ вақтлар давомида Эрон ҳукмдорларининг энг қимматли бойлиги ҳисобланган ва улар Амир Темурга бўлган ҳурмат ҳамда интилиш юзасидан уларни ниҳоятда эҳтиёткорлик билан кўз қорачиғидай асраб келишган. Айни пайтда бу иккита қилич Саъдобод ҳарбий музейининг энг қимматли экспонатларидан ҳисобланади. Ушбу қиличнинг дастасида "Ё Фаттоҳ" калимаси ёзилган. Шунингдек, Остони Қудси Разавий кутубхонасида XVII асрда Хива хонлигини бошқарган Абулғози Баҳодирхонга тегишли бўлган асл фармон нусхаси сақланмоқда. Шунингдек, мазкур кутубхонада XV аср бошларида Темурийзода ҳукмдор Иброҳим Султон томонидан кўчирилган Қуръони Каримнинг сайланма нусхаси ҳам мавжуд бўлиб, бир қатор сураларни ўз ичига олади. Мусҳаф ўша даврдаги энг йирик Қуръон қўлёзмаларидан бири сифатида тарихий ва бадиий жиҳатдан беқиёс аҳамиятга эга, – деди Рустам Жабборов.

Тадбир охирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи асосида нашр этилган “Катта Лангар Қуръони”ни Марказ делегацияси томонидан Эрон Ислом Республикаси Миллий архиви ва кутубхонаси раҳбари Ғуломризо Амирхонийга топширилди.
Эрон Миллий кутубхонасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази учун алоҳида хона очилиши икки давлат ўртасидаги маданий ва илмий ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилганини кўрсатади. Учрашувда ҳар икки томон бу қадамни дўстлик ва муштарак мерос рамзи сифатида баҳолади. Тадбир икки давлат илмий, маданий ва маърифий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа