250 йиллик ноёб сўзана Ўзбекистоннинг бой маданий меросидан ҳикоя қилади



 

    Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистоннинг бой маданий меросини намоён этувчи яна бир беназир  артефакт — йирик ромбиксимон медальонли сўзана намойиш этилиши мумкин.

 

    Бу асар XVIII асрга тегишли бўлиб, Франсес (2000) классификациясига кўра “А турдаги дизайн” гуруҳига киради. Унинг марказида учбурчак учлари чиқиб турган олти бурчакли медальон тасвирланган. Медальон нинг марказий қисмида концентрик доиралар жойлашган бўлиб, уларни “қўчқор шохи” шаклидаги спираллар ўраб туради. Ушбу элементлар бу гуруҳга хос белгилардан ҳисобланади.

 

    Асарда ранглардан нозик ва ўта моҳирона фойдаланилган. Қўчқор шохи шаклидаги спираллар икки хил сариқ оҳангда ишлангани чизманинг чуқурлигини оширган. Шу билан бирга, пушти, тоқ сариқ ва қизил ранглар медальон ичидаги кесишган панелларда уйғун тарзда жойлашиб, кўп рангли кичик нақшлар фонида янада ёрқин кўринади.

 

    1978 йилда Майкл Франсес ва Роберт Пиннер катта медальонли сўзаналар ҳақида ёзган машҳур мақоласида шундай таъриф берган эди:

 

“Гарчи каштадўзлик қўпол бўлса-да, нақшлар шунчалик мураккаб ва нозики, умумий таассурот куч ва аҳамиятни ифодалайди.”

 

    1978 йилда дунё бўйлаб фақат 8 та катта медальонли сўзана маълум бўлган бўлса, Франсеснинг 2000 йилги қайта ўрганишидан сўнг бу рақам 54 тага етди. Ҳозирги кунда эса уларнинг сони тахминан 70 тага етиб, ҳар бири Марказий Осиё каштадўзлик анъанасининг юқори маҳорат ва бадиий салоҳиятини намоён этади.

 

    Бу каби сўзаналар нафақат уй безаги сифатида, балки тантанали маросимларда, тўйларда, ҳатто дипломатик ҳадя сифатида ҳам қўлланган. Улар орқали нафақат эстетик дид, балки маданий мерос ва маҳаллий усталарнинг ноёб бадиий қарашлари авлоддан авлодга ўтган.