“Ўзбекистон ХХ асрда” — анимация ва тарих уйғунлигидаги экспозиция ишлари якуний босқичда
🔴Миллий уйғонишдан Мустақиллик байрамигача
🔴 Вақт ва воқеалар панорамаси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ўзбекистон ХХ асрда” бўлими экспозициясини яратиш ишлари якуний босқичга кирди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ғояси асосида ишлаб чиқилаётган ушбу бўлим мамлакатимиз тарихидаги муҳим даврлар — жадидчилик ҳаракати, собиқ совет даври ва мустақиллик йилларини қамраб олади.
Экспозициянинг биринчи қисми — Жадидчилик даври. Унда янги усул мактабларининг ташкил этилиши, газета-журналлар нашри, дарсликлар яратилиши, театр санъатининг ривожланиши ва маданий-маърифий марказлар фаолияти акс эттирилади. Шунингдек, жадидлар фаолияти ва уларнинг тақдири ҳақида маълумотлар берилади.
Иккинчи қисми — собиқ совет даври. Бу бўлимда ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий жараёнлар, Бобохоновлар сулоласининг диний ҳаётни сақлаб қолиш йўлидаги хизматлари, Шароф Рашидовнинг сиёсий фаолияти, метрополитен ва бошқа йирик иншоотлар қурилиши ҳамда ўша даврдаги қийинчиликлар ёритилади.
Учинчи қисми — мустақиллик даври. Бу ерда давлат рамзларининг қабул қилиниши, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, миллий ва диний қадриятларнинг тикланиши, Наврўз ва диний байрамларнинг расмий дам олиш куни сифатида белгиланиши, миллий армия ва иқтисодиётнинг ривожланиши, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш йўлидаги ташаббуслар акс эттирилади.
Муҳокама йиғилишида лойиҳа муаллифлари, тарихчи-мутахассислар ва Россиянинг “Sila sveta” компанияси дизайнерлари иштирок этди. Улар экспозиция тузилиши, мазмуни ва жойлаштириладиган экспонатлар, ҳужжатлар ҳамда намоён этиладиган тарихий жараёнларнинг анимация ва видеолавҳалар орқали тақдим этилиши юзасидан келишувга эришди.
Дизайнерлар таклиф этган концепцияда тарихий воқеалар ёрқин ва таъсирчан тарзда экранда намоён этилади.
Масалан:
▪️ Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкентга келган рус зиёлилари манзараси берилиши, шу жумладан Анна Ахматованинг пойтахт ҳақида айтган сўзлари янграши кўзда тутилган. Урушга кетган икки миллионга яқин ўзбекистонлик ҳақидаги маълумотлар, бўш дала, канал қурилиши, пахта йиғими ва саноатлашув жараёнлари анимация орқали кетма-кет намоён бўлади.
▪️Тошкент зилзиласи саҳнасида экранда ёрилиш эффекти пайдо бўлиб, кейин шундай «ёрилган» тасвир ортида шаҳарнинг қайта тикланиш жараёни кўрсатилади. Архив фотосуратлари ва кинохроника лавҳалари орқали ўша йиллардаги маданий объектлар, колхоз ҳаёти, қурилиш ишлари жонлантирилади.
▪️Мустақилликка бағишланган қисмда эса байрамона руҳ устувор бўлиб, пойтахтнинг рамзий манзиллари, Миллий армия, иқтисодиёт ва маданий юксалиш, мустақиллик рамзлари экранда кетма-кет очилади. Ўзбекистон герби босқичма-босқич йиғилиб, унинг замирида миллий байроқ ва мусиқа оҳанглари уйғунлашади.

Асосий мақсад — тарихий воқеаларни уйғун услубда, анимация ва жонли саҳналар уйғунида, изчил ҳикоя сифатида томошабинга етказиш.
Марказ мутасаддиларининг таъкидлашича, янгиланган экспозиция ХХ аср Ўзбекистони тарихи ҳақидаги билимларни замонавий, таъсирли ва визуал бой форматда тақдим этади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа