Темурий шаҳзодага тегишли тарихий зирҳ юртдошларимизга тақдим этилади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси Амир Темурнинг набираси ва Шероз ҳокими Иброҳим Султон учун махсус тайёрланган зирҳли кийим нусхаси билан бойиши кутилмоқда.
XV асрда ясалган ушбу асар ҳозирда Furusiyya Art Foundation коллекциясида сақланмоқда. Олд қисмидаги ўйма ёзув унинг айнан Иброҳим Султон буюртмаси эканини тасдиқлайди.
Иброҳим Султон нафақат давлат арбоби, балки санъат ҳомийси ва ноёб қўлёзмалар муаллифи сифатида ҳам тарихда из қолдирган. У бешта Қуръон қўлёзмасини шахсан кўчирган ва қурдирган мадрасалари учун безакли ёзувлар тайёрлаган. Зирҳдаги дамаск услубидаги олтин нақшлар унинг қўлёзмалардаги безаклари билан уйғунлик касб этади, бу эса асарнинг 1420–1430-йилларда ясалганидан далолат беради.
Ислом тарихида зирҳлар аввалига оддий шаклда қўлланилган бўлса, XV асрга келиб улар поча ва металл пластинкалар уйғунлашган мураккаб кўринишда ишлаб чиқила бошланди. Иброҳим Султон зирҳи ана шундай услубдаги энг қадимий маълум намуна ҳисобланади. Ҳар бир металл пластинка ўсимлик ва гул нақшлари билан безатилган бўлиб, ҳокимнинг нуфузи ва маданий дидини ифода этади.
Бу ноёб асар нафақат ҳарбий тарихнинг гувоҳи, балки Темурийлар давридаги санъат ва маданий ривожланишнинг ёрқин намунаси сифатида ҳам аҳамиятлидир.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа