Болалар илм оламига интерактив сафар қилади

 

🔴Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази болалар учун тарих эшигини ноодатий очади

 

🔴 Ёшлар қалбида билимга меҳр уйғотадиган экспозиция


    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази болалар учун тарих ва илм оламига йўл очадиган янги интерактив экспозиция тайёрламоқда. 



 

    Марказ буюртмасига асосан Буюк  Британиянинг нуфузли “1001 кашфиёт” ташкилоти раҳбари Салим Аҳмад жамоаси ишлаб чиққан лойиҳа замонавий технологиялар ва анимация орқали ёшларда китобга, кашфиётларга ва алломалар меросига қизиқиш уйғотишни мақсад қилган.

 

    Марказ раҳбари, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида ўтказилган навбатдаги йиғилишда мазкур экспозициянинг  “1001 кашфиёт” концепцияси тақдим этилди. 


    Унга кўра, ёшлар учун Марказ музейи экспозициясида ажратилган майдондаги биринчи хона Ўзбекистон байроғи рангларида безатилиб, 1 метрлик нурли металл китоб ўрнатилади. Китобнинг ички ёруғлик эффектлари киноэкранда намоён бўладиган ҳикоялар билан уйғунлашиб, саҳифаларидан тарихий воқеалар, буюк кашфиётлар ва улуғ алломалар ҳаётига оид саҳналар “жонланади”.

 

    Экспозицияда болажонлар дастлаб Абу Райҳон Беруний ва Муҳаммад Хоразмийнинг катта ёшдаги қиёфалари билан танишади. Сўнгра “Улар ёшликда қандай бўлишган?” деган саволга жавоб излаб, кинотеатр орқали алломаларнинг болалик даври ва илм йўлига қадам қўйиш манзараларини томоша қиладилар.



 

    Буюк Британиянинг нуфузли “1001кашфиёт” ташкилоти раҳбари илмий кенгашда болалар учун мўлжалланган контент мазмуни ва техник ечимлари ҳақида батафсил маълумот берди ҳамда ишларнинг изчил давом этаётганини таъкидлади.

 

    Хорижлик ҳамкорнинг қайд этишича, экспонатлар Лондон ва Германиядаги етакчи компаниялар томонидан тайёрланмоқда. Уларнинг 80 фоизи аллақачон Ўзбекистонга етказилган, қолгани эса келаси ҳафта охирига қадар олиб келинади.