Эронда Темурийлар даврига оид нодир қўлёзма ва Абулғози Баҳодирхон фармонининг нусхаси топилди

 

🔴Ноёб топилма Ўзбекистонга қайтиши ва маданий меросимизга янги қўшилма бўлиши кутиляпти



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Эрон Ислом Республикасида хизмат сафари давомида XV асрга оид нодир Қуръон қўлёзмаси ва Абулғози Баҳодирхон фармонининг  нусхаси мавжудлигини аниқлади.

 

     Таниқли олим Абдулазиз Мансур, машҳур хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ, Марказ илмий котиби Рустам Жабборов, бўлим бошлиғи Хусрав Ҳамидовдан иборат делегация Теҳрон, Машҳад ва Тус шаҳарларида қатор учрашувлар ўтказди. Улар хизмат сафари давомида Ўзбекистоннинг бой илмий ва маданий мероси, шу жумладан, Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилаётган экспозициялар, электрон кутубхона ва рақамлаштириш лойиҳалари ҳақида маълумот берди.

 

    Ташриф доирасида маҳаллий кутубхоналар, музейлар ва қўлёзма марказларида юртимиз тарихига оид қатор манбалар ўрганилди. Айниқса, Машҳаддаги Остони Қудси Разавий кутубхона, архивлар ва ҳужжатлар бошқармасига ташриф чоғида ноёб топилма – XV аср бошларида Темурийзода ҳукмдор Иброҳим Султон томонидан кўчирилган Қуръони Каримнинг сайланма нусхаси топилди.

 

    Ушбу мусҳаф ўша даврнинг энг йирик қўлёзмаларидан бири бўлиб, бир қатор сураларни ўз ичига олади. У Темурийлар даври китобат санъатининг ноёб намунаси сифатида ажралиб туради: ранг-баранг ва бежирим нақшлар, юқори даражадаги хаттотлик услуби, тил ва ёзувнинг ўта нафислиги унга бадиий қиммат бағишлайди.

 

    Марказ мутасаддиларига кўра, мазкур асарни Ўзбекистонга олиб келиш ва кенг жамоатчиликка намойиш этиш масаласи бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Агар режа амалга ошса, мамлакатимиздаги Қуръон қўлёзмалари тўплами яна бир тарихий ва маънавий дурдона билан бойийди.

 

    Шунингдек, Машҳадда Абулғози Баҳодирхон фармонининг нодир нусхаси аниқланди. Мазкур хазинада XVII асрда Хива хонлигини бошқарган Абулғози Баҳодирхонга тегишли бўлган асл фармон нусхаси сақланмоқда. Мазкур тарихий ҳужжатда ҳукмдорнинг жангларда юксак қаҳрамонлик ва садоқат кўрсатган саркардаларни муносиб тақдирлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш ва мукофотлаш ҳақидаги амри ёзилган.

 

    Бу фармон нафақат ўша давр сиёсий ва ҳарбий ҳаётидан гувоҳлик берувчи муҳим манба, балки XVII аср мумтоз ўзбек тилининг лексик бойлиги, услубий хусусиятлари ва хаттотлик анъаналарини ўрганишда ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Қўлёзмадаги ёзув услуби, қўлланилган иборалар ва тил қурилиши ўша давр ёзма меросининг ўзига хос намунасидир.

 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жаббаровнинг таъкидлашича, ушбу нодир қўлёзма нусхасини келгусида марказ экспозицияларида намойиш этиш режалаштирилган. Бу нафақат илмий жамоатчилик, балки кенг аҳоли қатламлари учун ҳам тарихий меросимиздан яна бир қимматли намуна билан танишиш имконини яратади.