Қадимий қалъалар, абадий олов ва рақамли таълим: Хоразм тарихига 3D нигоҳ
🔴 Минг йиллик цивилизация
🔴 Қумлар остидаги маданият энди экранларда порлайди

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази музейининг қадимги Хоразм экспозицияси нафақат археологик меросни сақлаш, балки минг йиллар давомида ривожланган маданий ва илмий ютуқларни замонавий технологиялар орқали кенг жамоатчиликка етказишнинг муҳим майдонига айланиши кутиляпти.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг Исломдан аввалги давр бўлимидаги “Қадимги Хоразм” экспозицияси концепцияси, экспонатлар тартиби ва визуал ечимларини такомиллаштиришга қаратилган навбатдаги илмий-амалий муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Марказнинг етакчи олим ва мутахассислари, илмий маслаҳатчилари ҳамда Туркиянинг “Outdoor Factory” компанияси дизайнерлар гуруҳи иштирок этди.
Муҳокамада бўлимнинг таълимий, маданий ва визуал жиҳатдан янада бойитилишига доир бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Қадимги Хоразм экспозицияси ташриф буюрувчиларга ушбу ҳудуднинг бой тарихини яқиндан ҳис этиш имконини бериш учун замонавий ва илғор музей технологиялари билан жиҳозланмоқда. Экспозиция залида ўрнатилган Қўйқирилган қалъа ва Оқчахонқалъа макетлари орқали мазкур ёдгорликларнинг мураккаб меъморий тузилиши, қурилиш услуби ва ҳимоя тизими билан танишиш мумкин. Шунингдек, қадимги суғориш тизимини намоён этувчи “Чиғир” макети, мультимедиа экранлар ва интерактив тақдимотлар орқали ташриф буюрувчилар Хоразмнинг қадимги цивилизацияси, иқтисодиёти ва маданий ҳаёти ҳақида батафсил маълумот олиш имкониятига эга бўлишади.
Профессор Мирсодиқ Исҳоқов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ муҳокама давомида зардуштийлик даврига оид қимматли экспонатларнинг жойлашуви, “Абадий олов” композицияси, тасвир ва суратларнинг ёритилиши, видеоконтентдаги персонажлар образлари ва умумий ранг уйғунлиги каби масалаларни дизайнерлар билан ҳамкорликда кўриб чиқди. Шу билан бирга, экспонатлар рўйхати қайта таҳлил қилиниб, тарихий ҳаққонийлик ва визуал жозибани ошириш мақсадида зарур тузатишлар киритилди.

Муҳокама жараёнида экспозициянинг таълимий ва илмий аҳамияти алоҳида таъкидланди. Лойиҳада тарихий манбаларга таяниш, археологик топилмаларни тўғри ёритиш ва кўргазмага келганлар учун нафақат томошабоп, балки билим беришга қодир муҳит яратиш устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида қайд этилганидек, Қадимги Хоразм экспозицияси нафақат археологик меросни сақлаш, балки минг йиллар давомида ривожланган маданий ва илмий ютуқларни замонавий технологиялар орқали кенг жамоатчиликка етказишнинг муҳим майдонига айланиши лозим. Шу мақсадда қўшимча илмий изланишлар, дизайнерлик ечимлари ва мультимедиа технологиялари уйғун ҳолда қўлланиб, ушбу бўлим Марказ экспозициясининг энг ёрқин ва таъсирчан қисмларидан бирига айлантирилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа