“Меърожнома”дан юлдузлар бағригача: Иккинчи Ренессанс саҳнасининг ноёб безаклари якуний босқичда таҳлил қилинди
🔴 Шоҳрух Мирзо бағрикенглиги ва Мирзо Улуғбек юлдузлари бир экспозицияда
🔴 Тарих ва технологияни бирлаштирган лойиҳа

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш борасида бир мақсад йўлида бирлашган 2000 га яқин олимлар, мутахассислар, рассомлар, дизайнерлар ва яна бир неча соҳа вакиллари томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар якуний босқичда кўриб чиқиляпти.
Марказ директори, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида ўтказилган навбатдаги йиғилиш кун тартибидан ўрин олган масалалар орасида Шоҳрух Мирзо давридаги бағрикенглик мавзусини ёритувчи миниатюра ва Мирзо Улуғбек секторида намойиш этиладиган замонавий мэппинг шоуси энг қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Илмий кенгаш аъзолари “Меърожнома” қўлёзмасидан олинган қўшсаҳифали миниатюрани бағрикенгликнинг юксак намунаси сифатида эътироф этишди. Мутахассислар ушбу асар нафақат миллий, балки жаҳон санъатшунослигида ҳам қимматли манба сифатида юқори баҳоланишини таъкидлаб, уни экспозицияда тиниқ ранглар ва аниқ деталлар билан акс эттиришга келишишди.

Шу билан бирга, Мирзо Улуғбек залини безаш бўйича Art Craft компанияси директори Ҳасан Солиҳов ўзининг креатив таклифини тақдим этди — алломанинг портрети устида юлдузларнинг анимацион ҳаракати орқали замонавий ва тарихий уйғунлик яратиш. Бу ғоя йиғилиш иштирокчилари томонидан маъқулланиб, тасдиқдан ўтди.
Тадбирда Ҳазрат Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро миниатюралари ҳам муҳокама қилинди. Қарорга кўра, Навоий тасвири янгиланиши, Ҳусайн Бойқаро эса ўз ҳолича сақланиши лозимлиги белгилаб қўйилди. Мутахассислар ҳар бир тарихий шахснинг юз ифодаси ва майда деталларигача аниқлик билан ишлаш зарурлигини урғуладилар.
Йиғилиш якунида экспозициядаги миниатюраларнинг жойлашуви бўйича келишувга эришилди ва эстетик ҳамда тарихий уйғунликни таъминлаш юзасидан қатор тавсиялар берилди.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази қурилиши бугунги кунда якуний босқичга етган. Айни пайтда унинг контентини бойитиш борасида 800 дан ортиқ илмий инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа