Киноижодкорлар билан медиалойиҳалар учун махсус фильмлар ва роликлар яратиш масаласи муҳокама қилинди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ҳужжатли фильмлар суратга олиш жараёнларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, Кинематография агентлиги раҳбари Шуҳрат Ризаев, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази директори Фурқат Усмонов, “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” вакиллари ҳамда марказ олимлари иштирок этди.
Йиғилишда марказ экспозицияси учун ҳужжатли фильмлар тайёрлаш, уларни замонавий медиа контентлар асосида бойитиш, тарғибот салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Амир Темур ва Темурийлар мавзуси мисолида тарихий шахсларнинг маърифий қиёфасини кенг ёритиш, бунёдкорлик фаолиятини ёритувчи ранг-баранг видеомаҳсулотлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.
"Марказ экспозициясини яратишда биз ҳукмдорларнинг бунёдкорлик ишларига алоҳида эътибор беряпмиз. Масалан, Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар бўлимида Амир Темурнинг илм-маърифат йўлида амалга оширган улуғвор фаолиятига урғу берилади ва эътибор қаратилади. Бунёд этган мадрасалари, йўлсозликдаги, боғ-роғ яратишдаги, кўприк қурдиришдаги ишлари очиб берилади. Ўша даврда етишиб чиққан алломалар, шоир-у, фузалолар фаолиятига асосий ракурсларни қаратяпмиз. Ҳужжатли фильмлар суратга олинишида ҳам ана шу жиҳатлар инобатга олиниши керак. Тарихий сиймоларни яратишда болалар учун ҳам махсус контентлар бўлиши зарур. Шунинг учун тарихий сиймолар ҳақида анимацион форматда маҳсулотлар яратиш ғояси илгари суриляпти. Шунингдек, ҳужжатли фильмлар рангдор ва томошабинни кенгроқ жалб қилиши учун барча имкониятлардан фойдаланиш керак. Шунингдек, ҳужжатли фильмларда замон билан ҳамнафаслик уфуриб туриши керак. Бунда ахборот технологияларни яхши биладиган, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдалана оладиган ёшларни жалб қилишни таклиф қиламан", — деди Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов.
Кинематография агентлиги раҳбари Шуҳрат Ризаев илмий асосланган, экспозиция мавзусига мос ҳужжатли фильмлар яратишда марказ олимлари билан ҳамкорлик қилиш муҳимлигини билдирди.
"Биринчи босқичда кино фондимизда мавжуд фильмлардан экспозиция учун ўнлаб вариантларни тақдим этишимиз мумкин. Аммо бунга жиддий эътибор қаратишимиз керак. Бунда агентлигимизда махсус ишчи гуруҳ тузилган, масъуллар бириктирилган, улар аллақачон ишларни бошлаб юборган. Тарихимизда авлодларга намойиш этиладиган манбалар кўп. Биз бунда марказ томонидан лойиҳаларга бириктирилган олимлар билан ҳамкорликда экспозиция учун муносиб ҳужжатли фильмлар тақдим этишни олдимизга мақсад қилганмиз", — деди Шуҳрат Ризаев.
Тадбир якунида кино мутахассислари ва экспозиция бўлимлари учун масъул олимлар ўртасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, марказ очилишигача сифатли ҳужжатли фильмлар тайёрлаш бўйича келишиб олинди.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
