Шоҳруҳ Мирзонинг 1422 йилдаги нишони – Ислом цивилизацияси меросидаги нодир ҳужжат
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан жой оладиган нодир ёзма манбалар орасида Шоҳруҳ Мирзонинг 1422 йилда ёзилган нишони алоҳида аҳамиятга эга. Мумтоз ўзбек тилида битилган ушбу ҳужжат ўрта асрлар дипломатик ва ҳуқуқий ёзма маданиятининг юксак намуналаридан бири сифатида тарихий қимматга эга.
Гувоҳнома илк бор 1947 йил ёзида машҳур шарқшунос Э. Беневистнинг Кобулга илмий сафари чоғида қўлга киритилган. Ушбу ҳужжатни олимга Маймана шаҳридаги эски уйни бузиш пайтида кўзадан топилган ҳолда берганликлари маълум. Нишон 13 сатрдан иборат бўлиб, «Šahruh bahadur sözüm» деб бошланади ва икки доира шаклидаги муҳр билан тасдиқланган. Муҳр матни араб ёзувида «al-vatiq bi-l-lah al-ğafur Šahruh bahadur» («Кечиргувчи Аллоҳ номи билан тасдиқловчи – Шоҳруҳ Баҳодир») деб ўқилади.
Иккинчи муҳр эса «nišani Šahruh bahadur nišani» («Шоҳруҳ Баҳодир муҳри») деган ёзувга эга. Матн ўнгдан чапга ёзилган бўлиб, айрим сатрлар ички тартиб билан бошланган. Ҳужжатнинг орқа томонида туркий-уйғур ва араб ёзувлари қўшма тарзда ёзилган бўлиб, у ерда 828 ҳижрий йил муҳаррам ойининг йигирма иккинчи куни санаси қайд этилган. Бу эса милодий ҳисобда 1422 йил 16 январь санасига тўғри келади.
Нишон орқа қисмида тўққизта турли амалдорларнинг муҳрлари босилган. Улар ҳужжат билан танишиб, унинг ҳақиқийлигини қайта тасдиқлаганликларини кўрсатади. Муҳрлар орасида Шоҳруҳнинг ўғли Бойсунқур Мирзо Баҳодир, Қорақоюнли хукмдорлардан бири Музаффариддин Жаҳоншоҳ, Сотиқшоҳ Феруз ва Мироншоҳ Тўғаншоҳ каби тарихий шахсларга тегишли тамғалар алоҳида ажралиб туради. Айрим муҳрлар ўта хира ёки бир-бирининг устига босилганлиги сабабли ўқиш қийин бўлган.
Музаффариддин Жаҳоншоҳнинг муҳри алоҳида эътиборга молик — у ҳужжатдаги бошқа муҳрларга нисбатан аниқ ва тиниқ бўлиб, айни вақтда Хуросон босиб олинган даврда қўйилганини кўрсатади. Бу эса ҳужжатнинг фақат бир марта эмас, балки турли сиёсий даврларда қайта-қайта расмий тасдиқдан ўтганидан далолат беради.
Мазкур нишон фақатгина Шоҳруҳ Мирзонинг давлатчилик фаолияти ёки амалий ҳужжат юритиш маданиятини ифодалаш билан чекланмайди. У ўрта асрларда туркий ва араб ёзувларининг қўшма қўлланилиши, муҳр санъати, дипломатик тил услуби ва тарихий воқеаларни ёритишдаги анъаналар ҳақида қимматли маълумот беради.
Мазкур ҳужжат нафақат Шоҳруҳ Мирзонинг давлатчилик ва ҳуқуқий муносабатлардаги фаолиятини, балки ўрта асрлардаги ҳужжат расмийлаштириш услубини, ёзув ва муҳр маданиятини ҳам ёрқин акс эттиради. Шу боис у Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг «Исломдан аввалги давр цивилизациялари» бўлимида алоҳида ўрин эгаллайди.
Дурдона Расулова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин
Кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
