Қуръони Каримнинг энг қадимий таржималари Ислом цивилизацияси марказида




    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қуръони Карим залида намойиш этилаётган XIV асрда яратилган ноёб туркий таржима нусхаси диний, илмий ва маданий аҳамияти жиҳатидан улкан мерос намунасидир. У Шарқий туркча (Хоразм туркчаси) да битилган бўлиб, санаси аниқ кўрсатилган энг қадимги таржималардан бири сифатида тарихга кирган. Мазкур Қуръони Карим нафақат ислом таълимотларини туркий тилда етказишда, балки хаттотлик, безак санъати ва тилшуносликда ҳам ўчмас из қолдирган мерос сифатида юксак қадрланади.


    Қуръони Каримнинг охиридаги маълумотларга кўра, уни Шайх Юсуф ал-Эбарий ўғли Муҳаммад — “Саййид ул-Хаттот” унвонига эга машҳур хаттот томонидан кўчирилган ва ҳижрий 737 йил 10 шаъбон, милодий 1337 йил 14 март, жума куни якунланган. Шу сабабли, мазкур таржима санаси аниқ қайд этилган энг қадимги иккинчи туркий таржима, барча маълум таржималар ичида эса учинчи ўринда туради. Матн “Сод” сурасидан бошлаб Қуръоннинг охиригача бўлган қисмни ўз ичига олади. Сатр орасига қўйилган таржима ва тафсир шаклида ёзилган бўлиб, ҳар бир арабча сўзга бир неча туркий муқобил келтирилган, ҳар сура бошида “Бисмиллоҳ” турлича таржима қилинган, алиф, лом, мим каби “муқаттаот ас-суар” ҳарфлари изоҳланган.




    Тафсир қисмларида суранинг нозил бўлиши, уни ўқиш фазилатлари, ҳадислар, турли қироат мактаблари ҳақида маълумотлар, ислом тарихи воқеалари ва ривоятлар, Довуд ва Исо алайҳиссалом ҳақидаги ҳикоятлар, Макканинг фатҳи ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг оила аъзолари ҳақидаги батафсил маълумотлар келтирилган.


    Қуръони Каримнинг ташқи кўриниши юксак бадиий қийматга эга. У зафарон рангли, безакли аҳар қоғозга насталиқ ва насх хатларида кўчирилган. Сура номлари кўк рангда сариқ фонга ёзилган, таржималар қизилда берилган. Саҳифалар ип ёрдамида сариқ чизиқлар билан чегараланган, оятлар юлдузсимон нақшлар билан ажратилган. Икки муқобил саҳифада марваридсимон тазҳибли миниатюралар бор, муқова қизил фонга сариқ узум шодалари нақши билан безатилган. Хаттотликдаги маҳорат ва безаклар ушбу Қуръони Карим йирик ҳомий буюртмаси асосида тайёрланганини кўрсатади.


    Қуръони Каримнинг манбалари кенг қамровли бўлиб, асосийси Аллоҳнинг каломи — Қуръони Каримнинг ўзи ҳисобланади. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Аббос, Қатода ибн Доима, Мужоҳид ибн Жабр, Муқотил ибн Сулаймон каби машҳур муфассирлар фикрлари, Абу Ҳурайра ривоятлари, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”и, “Кутуб ас-Ситта” тўпламлари, Низом ул-Мулкнинг “Сиёсатнома”си, ат-Табарийнинг “Жомиъ ал-Байон” ва “Тарих ал-Умам вал-Мулук” асарлари ҳам унда ўз ўрнини топган.




    Бугунги кунда мазкур нусха Эроннинг Остони Қудси Разавий кутубхонасида 293 рақам билан сақланмоқда, бир нусхаси эса Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази Қуръони Карим залида зиёратчилар ва тадқиқотчилар учун очиқ ҳолда тақдим этилмоқда. У туркий халқларнинг XIV асрдаги диний ва маданий ҳаёти, тил хусусиятлари, хаттотлик ва безак санъати анъаналарининг ноёб намунаси бўлиб, ислом меросини ўрганишда беқиёс аҳамиятга эга манба ҳисобланади.


Дурдона Расулова

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин