Асрлар давомида асраб келинган Темурийларга оид ҳимоя ҳужжати
🔴ХV асрга оид тарихий манба
🔴Ислом цивилизацияси маркази яна бир ноёб экспонат билан бойимоқда

“Ҳужжатда саййидлар авлоди бўлган Саййид Нур ал-Милла вал-Дин Али ва Саййид Саъд ал-Милла вал-Дин Аҳмад ибн Яҳявийни ҳамма жойда ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олиш, барча ишларига давлат аъёнлари кўмаклашиши ва совға саломлар талаб қилмаслиги, сафар қилганларида назорат пунктларига навкарлар билан кузатиб бориш ва хавфсизлигини таъминлаш, алоқа хизмати учун уларнинг уловларини мусодара қилмаслик, ҳар қандай солиқ ва божлардан озод қилиш, яшаш ҳудудларида уларнинг доимий хавфсизлигини таъминлаш каби ҳуқуқлар берилган...”
Юқоридаги таърифлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг Иккинчи Ренессанс бўлими экспозицияси учун соҳибқирон Амир Темурнинг невараси Мирзо Жалолиддин Искандар (Умаршайх Мирзонинг ўғли) номидан ёзилган фармондан келтирилган парчадир.
Ушбу ноёб ҳужжат ўзининг мазмуни, тарихий аҳамияти ва эстетик юксаклиги билан XV аср ҳужжатшунослигида алоҳида ўрин тутади. Ҳужжатнинг асл нусхаси Даниянинг David Collection фондида сақланмоқда.
Искандар Мирзонинг ҳаёти ва фаолияти
Темурийлар сулоласининг кам ўрганилган вакилларидан бири бўлган Искандар Мирзо 1384 йил 25 апрелда ҳозирги Фарғона вилоятининг Ўзганд (ҳозирги Қирғизистоннинг Ўш шаҳри ҳудуди) шаҳрида туғилган. Унинг отаси буюк саркарда Амир Темурнинг иккинчи ўғли – Умар Шайх Мирзо, онаси эса Чингизийлар наслига мансуб Маликат (айрим манбаларда Милкат) Оғо бўлган. Искандар илк бор 1399-1400-йилларда отаси ҳокимлик қилган Фарғонага ҳоким этиб тайинланган.
Искандар Султон санъат ва маданият ҳомийси сифатида ҳам танилган. Мирзо Искандарнинг хаттотларга ҳомийлик қилиб, китобларни кўчиртириш ҳамда кутубхона бунёд этишга катта эътибор қаратган. Замонасининг машҳур ҳаттоти бўлган Маруф Бағдодий Исфаҳондаги Мирзо Искандар кутубхонасининг китобдори (мудири) бўлиб ишлаган.
Мирзо Искандар буйруғига биноан кўчирилган «Хамса»
Лондондаги Британия музейида Мирзо Искандар буйруғига биноан кўчирилган 546 варақдан иборат Низомий Ганжавийнинг «Хамса» асари сақланади. Шаҳзода томонидан кўчиртирилган яна бир астрономияга оид асар «Мухтасар дар илми ҳайъат» («Астрономияга оид қисқача рисола») бўлиб, муаллифи Ғиёсиддин Жамшид Кошийдир. Асар муқаддимасида рисолани «жалол уд-дунё ва-д-дин амирзода Искандар Баҳодурхон» буйруғига кўра ёзилгани таъкидланган. Мирзо Искандар буйруғига кўра астрономияга оид «Равзат ул-мунажжимин» («Мунажжимлар боғи»), кимёга оид «Рисолайи кибрити аҳмар» ва Ғиёс Кирмонийнинг «Ойнайи Искандарий» асарлари ҳам ёзилган. «Мухтасар дар илми Иқлидус» рисоласи қадимги юнон математиги Евклиднинг геометриясига оид китобидаги бешта теорема таҳлилига бағишланган. Мирзо Искандарнинг дунёвий фанларга бўлган қизиқиш доираси нақадар кенг бўлганини кўрсатади.
Мирзо Искандарнинг тасаввуф пирларига ҳам ҳурмат кўрсатиб, Эроннинг Язд шаҳри яқинидаги Тафт қишлоғида мутасаввиф шоир Шоҳ Неъматуллоҳ валийга масжид ва хонақоҳ қуриб бергани маълум.
Умуман олганда темурий Шаҳзода Искандар Султон кўплаб диний ва дунёвий фанларга оид асарларни кўчиртириш, ёзиш ва шаҳарсозлик ишларига ҳомийлик қилган. Саййидлар, олимлар ва уламоларга доим ҳурмат ва эътибор билан муносабатда бўлган.
Темурий меросидаги энг узун фармон
Нодир ҳужжат 1414 йил 19 февралда Исфаҳонда форс тилида ёзилган бўлиб, каллиграфик санъатнинг юксак намунаси сифатида эътироф этилади. Темурийлар томонидан битилган фармонлар одатда 2 метр узунликда бўлган бўлса, Искандар Мирзонинг ушбу фармони 6 метрга тенг. Фармон тўлиқ тилла суви юритилган, мураккаб ва нафис девоний ва сулс (сарлавҳалари) хатларида Исфаҳонда битилган.

Ҳимоя ҳужжати
Фармон Ҳусайний саййиднинг авлоди бўлган Сулаймон ибн Яҳявий ал-Ҳусайни ва унинг ўғиллари Али ва Аҳмадни ҳимоя қилишга бағишланган. Тарихчилар ушбу ҳужжатни Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) авлодларига берилган илк ҳимоя ҳуқуқини берувчи фармонларидан бири сифатида баҳолашади. Унда уларга нисбатан ҳурмат ва эътибор диний, хавфсизлик ҳамда сиёсий ҳуқуқлар мустаҳкамланган. Матн Қуръони карим оятлари, Пайғамбар (с.а.в.) ва унинг аҳлига салавотлар, тақво ва адолат мадҳлари билан бошланади. Фармоннинг тўртдан уч қисмини рамзий-диний мазмунли матнлар ташкил этади.

Ҳужжат Темурийлар даврида саййидларнинг мавқеини юксак эътироф этиш сиёсатининг далили бўлиши билан бирга, кейинги ҳукмдор сулолалар – Қорақўюнли, Аққўюнли ва Сафавийлар даврида саййидлар учун чиқарилган муқаддас ҳужжатлар анъанасининг дастлабки намуналаридан бири ҳисобланади.
Ҳужжатнинг бугунги кундаги тарихий аҳамияти
Искандар Мирзога тегишли бўлган ушбу фармон, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан тайёрланаётган муляж орқали кенг жамоатчиликка тақдим этилади. Ушбу ҳужжат нафақат бир ҳукмдорнинг қарорини, балки Темурийлар даврининг ижтимоий сиёсати ва тафаккурини, ўша давр маънавий тамойилларини ҳам ўзида акс эттирган. Марказнинг янги экспозицияси ушбу фармоннинг тарихий аҳамиятини замонавий талқинда очиб беришга хизмат қилади. Ушбу муляж – маданий хотира, сиёсий онг ва тарихий ўзликни англаш воситаси бўлиб, бугунги авлодни ўз тарихини чуқурроқ билишга ва ўтмишдан сабоқ олишга ундайди.
Гавҳар Эшонқулова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди