Ҳар саҳифаси миллионлаб долларга тенг асар

 

🔴 Парижда ва Лондонда сақланаётган туркий мерос 

 

🔴 Ҳар ҳарфи олтин: жаҳон рекордига тенг ноёб қўлёзма



 

    Ўзбек ёзув маданияти ва китобат санъати тарихида Темурийлар даври алоҳида ўрин тутади. Амир Темур ва Темурийлар ташаббуси ҳамда оталиғи остида китобат санъати ривожланди. Мўғуллар истилоси даврида эътибордан четда қолган соҳалар қайтадан қад  ростлади. Темурийлар давлатининг йирик маданий марказлари бўлмиш Самарқанд, Ҳирот, Язд, Андижон сингари шаҳарларда йирик хаттотлик мактаблари юзага келди. 


    Бу даврда  Темурийларнинг саъй-ҳаракати, уриниши туфайли, араб хати билан бир қаторда, ота-боболардан мерос бўлиб келаётган эски уйғур ёзуви, Навоий сўзи билан айтганда, туркча хат ҳам кенг ишлатилди.


    Темурийлар давридан қолган, ўзбек китобат санъати тарихида ўта қимматли ва нодир саналган ёдгорликлардан бири ўз даврининг йирик маданият марказларидан бўлган Ҳиротда Абу Малик бахши уйғур хатида  кўчирган “Меърожнома” қўлёзмасидир.

 

    Қўлёзма китоб ҳозир Париждаги Франция Миллий кутубхонасида сақланмоқда. Қўлёзмага икки асар киритилган: бири “Меърожнома” бўлса, иккинчиси Фаридиддин Аттор қаламига мансуб “Тазкирату-л-авлиё” асарининг туркий таржимасидир.

 

    “Меърожнома” асари ҳамду наът билан бошланган бўлиб, китоб муқаддимасида “Наҳж ул-фародис” номли асардан таржима қилингани тўғрисидаги маълумотлар берилган. Китобда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг Жаброил (а.с.) билан меърожга чиқиши, кўтарилиши билан бошланиб, турли осмон табақалари, жаннат ва дўзахдаги саёҳатлари билан давом эттирилган.

 

    Умуман, мазкур асар туркий тил ва адабиётни чуқур тадқиқ этишда ҳам жуда катта илмий манба бўлиб ҳисобланади.

 

    Қўлёзмани ҳиротлик Абу Малик бахши ҳижрий 840 (милодий 1436–1437) йили кўчириб тугаллаган.

 

    Маълумки, ўтмишда бахши сўзи асосан котибларга нисбатан айтилган. Ушбу атама қадимги турк-будда, моний-диний жамоаларида “устоз, мураббий; муаллим” маъноларида ишлатилган.



 

    Таъкидлаш жоизки, “Меърожнома” китоби 1464 йилда Абу Саид Мирзо ташаббуси билан қайта кўчиртирилган. Ушбу қўлёзманинг кўплаб саҳифалари бугунги кунда турли музейлар, шахсий коллекцияларда сақланади. Жумладан унинг бир саҳифаси Буюк Британиянинг Оксфордшир графлигида жойлашган Али Сарихоний коллекциясидан ўрин олган.

 

    Жорий йил май ойида Лондонда “Кристис” савдо уйи томонидан ташкил этилган аукционда ушбу қўлёзманинг яна  бир саҳифаси 1 900 000 фунт-стерлинг (2.5 млн АҚШ долларидан ортиқ)га сотилди.

 

    “Кристис” низомига кўра,  харидор яна 26 фоиз миқдорида  аукцион харажатларини тўлаши керак бўлади. Демакки, шу бир саҳифанинг баҳоси 3.3 миллион доллардан ошади. 

 

    Айни пайтда  Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясида мазкур китобнинг факсимил нусхасини жойлаштириш, унинг миниатюралари асосида деворий суратлар яратиш кўзда тутилган.

 

Рустам Жабборов

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.