Илмга етакловчи етти қадам: “Биринчи Ренессанс” мазмунли капсулаларда
🔴 Шарқ мутфакирлари мероси – замонавий экспозицияда
🔴 Фикр, илм ва эътиқод уйғониши

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида жойлаштирилиши режалаштирилган “Биринчи Ренессанс” даврига бағишланган экспозиция концепциясининг тузилиши ва мазмун-моҳияти юзасидан навбатдаги илмий муҳокамалар бўлиб ўтди.
Йиғилишда экспозициянинг умумий ғояси, еттита мавзули капсула, уларга жойлаштириладиган экспонатлар, визуал ечимлар ва матнли материаллар маълумотлари якуний босқичда кўриб чиқилди. Экспозиция илмий, фалсафий ва маънавий меросни ёритишга йўналтирилган бўлиб, қуйидаги асосий йўналишларни қамраб олади:
Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши — бу капсулада Расулуллоҳ (с.а.в.) томонидан ёзилган мактублар, катталаштирилган Қуръон нусхалари, Каъба ёпинчиғи (Кисва), Каъба эшигининг рамзий калити каби экспонатлар намоён этилади. Шунингдек, икки томонлама ва бир томонлама кўринишдаги витриналарда ушбу даврга оид қўлёзмалар ва артефактлар ўрин олади. Усмон Мусҳафи саҳифалари экспозициянинг асосий визуал ечимларидан бири бўлади.
Ислом ақидаси ва тасаввуф — бу капсулада Имом Мотуридий ва у билан боғлиқ таълимотлар, тасаввуф ва калом соҳаларига оид асарлар тақдим этилади.
Фиқҳ, ҳадис, тафсир ва сийрат — Имом Бухорий, Имом Термизий каби улуғ муҳаддисларнинг асарлари, жумладан, “Жомеъ ас-Саҳиҳ”, “Шамоил ал-Муҳаммадия” каби нодир қўлёзмалар кўргазмага қўйилади.
Аниқ ва табиий фанлар — бу капсулада Ибн Сино, Беруний каби мутафаккирларнинг илм-фанга қўшган улкан ҳиссаси ёритилади.
Байтул Ҳикма мактаби ва унинг мероси — Ал-Хоразмий, Форобий, Фарғоний каби олимлар асарлари ва илмдаги ўрни тақдим этилади.
Ижтимоий-гуманитар фанлар — бу ерда туркий адабиёт, луғатшунослик, фалсафа, мантиқ соҳалари бўйича маълумотлар берилади. Хусусан, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”и, “Девону луғотит турк”, Замахшарийнинг “Муфассал” ва “Муқаддиматул адаб” каби асарлар фақсимиле нусхалари билан намоён этилади.
Хоразм Маъмун академияси — экспозициянинг марказий бўлими бўлиб, Ибн Сино, Беруний, Ибн Масиҳ, Ибн Исқавий каби олимларнинг ҳаёти ва илмий фаолияти қамраб олинади.
Экспозиция деворларида илм, маърифат ва жоҳиллик ҳақидаги Қуръон оятлари, Фалақ сурасининг илк оятлари, илм-фанга бағишланган нақшлар ва Шотландия коллекциясидан келтирилган нодир экспонатлар жой олади.

Экспозициянинг дизайн ечимлари ва визуал концепциялари Италиянинг Magister Art компанияси мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, муҳокама давомида улар юзасидан тегишли мулоҳазалар билдирилди ҳамда миллий менталитет ва тарихий хосликларга мослаштириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Муҳокама якунида экспозициянинг умумий ғояси маъқулланиб, кейинги амалий босқичлар учун зарурий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа