“Исломгача давр”ни қайта кашф этиш: тарих, технология ва тасаввур уйғунлиги
🔴 Исломгача даврни тадқиқ этишда илмий асос ва маданий мерос
🔴 Интерактив экспозиция орқали тарихни жонли ҳис қилиш

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Исломгача бўлган давр бўлими экспозициясини такомиллаштиришга бағишланган навбатдаги илмий-амалий муҳокама йиғилиши ўтказилди. Унда Марказ илмий ходимлари, тарихчи олимлар, археологлар, музейшунослар ҳамда Туркиянинг “Outdoor Factory” компанияси дизайнерлари ва халқаро ҳамкорлар иштирок этди.
Йиғилишнинг асосий мавзуси — Ислом дини пайдо бўлишидан аввалги даврни қамраб олган экспозицияни илмий жиҳатдан бойитиш, тарихий руҳни чуқур акс эттириш, интерактив ва иммерсив ёндашувларни жорий этиш орқали экспозицион муҳитни замонавий технологиялар асосида янгилашдан иборат бўлди.
Муҳокамада қуйидаги йўналишлар бўйича муҳим таклиф ва фикрлар илгари сурилди:
➖Полеолит давридан бошлаб, Ислом дини кириб келгунга қадар бўлган босқичларни илмий асосда ёритиш;
➖Петроглифлар, афсона ва мифлар, Зардуштийлик излари, қадимий турмуш тарзи, Буюк Ипак йўли орқали юзага келган маданий алоқаларни экспозицияда намоён этиш;
➖Иммерсив хона концепцияси асосида ташриф буюрувчиларни тарихий саёҳатга чорловчи фазони яратиш;
➖Археологик топилмалар — тангалар, матолар, муҳрлар, ҳайкалчалар ва бошқа моддий мерослар орқали визуал ва мазмунан бой экспозицияни шакллантириш.

Йиғилишда “Outdoor Factory” компанияси томонидан Исломгача бўлган даврга оид иммерсив хона лойиҳаси тақдим этилди. Тақдимотда илгари билдирилган мулоҳаза ва тавсиялар инобатга олинган ҳолда, янги дизайнерлик ечимлари, фазовий ўйинлар, ёритиш технологиялари ва сенсор имкониятлар таклиф этилди.
Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ушбу бўлимга қўйиладиган юксак талабларни таъкидлаб, шундай фикр билдирди:
“Исломгача давр бўлими фақат тарихий маълумотларни тақдим этувчи жой эмас, балки ҳар бир ташриф буюрувчи учун ўтмишни ҳис қилиш, қадимий турмуш тарзи ва маънавиятни англаш имконини берадиган руҳий макон бўлиши лозим. Сўғд ва Бақтрия сингари цивилизацион кўринишлар, Чоч павилёнидаги ҳудудий хусусиятлар — буларнинг барчаси экспозицияда илмий асос ва визуал маҳорати билан ифодаланиши шарт. Ҳар бир детал тарихни сўзлаши керак.”

Йиғилиш якунида иштирокчилар — тарихчилар, дизайнерлар ва марказ мутахассислари ўртасида конструктив фикр алмашинуви бўлиб ўтди. Барча томонлар экспозицияни яратишда тарихий ҳақиқат, эстетик намоёнлик ва замонавий технологиялар уйғунлигини таъминлаш муҳимлигини алоҳида қайд этдилар.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа