Ўзбекистон — шахмат бешиги: Амир Темурдан Синдоровгача узлуксиз мерос
🔴 Шахмат тахтаси устидаги улкан тарих
🔴 Таxт ва тафаккур: Ўзбекистоннинг шахмат цивилизацияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида “Ўзбекистон – шахмат ватани” мавзуси илк бор кенг ва тўлақонли тарзда намоён этилмоқда. Ушбу композиция орқали юртимизда шахматнинг илдизлари, унинг илмий ва стратегик жиҳатдаги қадр-қиммати ҳамда замонавий тараққиёти уйғун тарзда акс эттирилади.
Экспозициянинг марказий ғояси — шахмат Ўзбекистонда нафақат ўйин, балки тафаккур, зеҳн ва давлат бошқаруви билан боғлиқ маданий феномен сифатида юксак баҳолангани ҳақидадир.
Тарихий уч босқичда тасвирланган лойиҳанинг биринчи қисмида юртимизда пайдо бўлган илк шахмат сингари ўйинлар, уларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида ҳикоя қилинади. Иккинчи босқичда эса шахматнинг билим ва фикрлаш рамзи сифатида қабул қилинган даврга назар ташланади.
Учинчи қисм Темурийлар давридаги зеҳн сиёсатига бағишланган бўлиб, тарихий манбаларда қайд этилган эпизодлар орқали шахматнинг араб ва Европа дунёсига Ўрта Осиё орқали тарқалгани тасвирланади. Амир Темур саройидаги шахмат муҳити ва у орқали жанг стратегияларини шакллантириши марказий саҳналардан биридир.
Экспозициянинг энг таъсирли нуқтаси — тарих ва бугунни уйғунлаштирувчи символик ўтишдир: Амир Темурнинг ҳал қилувчи юриши замонавий кадрга уланиб, уни ёш гроссмейстер Жавоҳир Синдоровнинг мот қилувчи ҳаракати давом эттиради. Бу ўтиш орқали Президентимиз раҳнамолигида шахматга қаратилаётган эътибор, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва миллий ўзликдаги давомийлик акс эттирилади.

“Бу композициянинг мақсади — Амир Темур шахматга стратегик ёндашганини ва бу мерос бугунги кунда ҳам миллий ўзлигимизда янгича руҳда яшаб келаётганини кўрсатишдир”, – дейди лойиҳа муаллифи Envision VFX директори Беҳруз Пўлатов.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа