3000 йиллик давлатчилик тарихини акс эттирувчи махсус устунлар: нима, қачон, қаерда?
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида мамлакатимиз тарихидаги 3000 йиллик давлатчилик анъаналарига бағишланган махсус устунлар ўрнатилмоқда. Бу ҳақда марказнинг навбатдаги Кенгайтирилган Илмий кенгаши йиғилишида маълум қилинди.
Экспозициядаги ҳар бир устун ўзига хос бир даврнинг меъморий услуби, маданий муҳити, илмий ютуқлари ва давлатчилик шакли ҳақида бадиий ва маълумотли образда сўзлаб беради. Устунларда тегишли тарихий манбаларнинг муляжлари, факсимилелари ва заруратга қараб асл нусхалари жойлаштирилади.
Қадимги Хоразм, Бақтрия ва Суғд цивилизациялари даврини акс эттирувчи устунда зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто” намоён қилинади. Навбатдаги устунларда эса Ҳунлар, Қарлуқлар, Турк ҳоқонликлари каби туркий сулолалар, Урхун-Энасой ёзувлари, Тунуюқуқ, Билга ҳоқон ва Култегин каби тарихий шахсларга оид маълумотлар жой олади.
Биринчи Ренессанс даври учун танланган “Қутадғу билиг” ва Темурийлар ҳамда Шайбонийлар, Бобурийлар даврини ифодаловчи “Темур тузуклари” экспозициянинг марказий асарларидан бири сифатида намоён этилмоқда.
Замонавий давлатчиликни ифода этувчи устунда эса “Янги Ўзбекистон” ғояси, 2022 йилда қабул қилинган Янги Конституция ва унинг асосий тамойиллари, мамлакат тараққиётидаги янги босқич кенг ёритилади.
— Бу устунлар орқали давлатчилик эволюцияси фақат тарихий маълумот эмас, балки миллий ифтихор, тафаккур ва келажакка ишонч туйғусини уйғотишга хизмат қилади, — деди марказ илмий котиби Рустам Жабборов тақдимот чоғида.
Экспозициянинг мазкур қисми томошабинга визуал, маърифий ва илмий жиҳатдан мукаммал ҳикоя тақдим этишни мақсад қилган бўлиб, “Янги Ренессанс” ғоясининг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ очиб беради.
Кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
