Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази атрофи замонавий арт-объектлар билан бойитилади
🔴 Оила, ватан, тил, илм, бағрикенглик ифодалари
🔴 Марказ ҳақидаги биринчи таассурот манбалари

Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази атрофида миллий ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этувчи замонавий арт-объектлар барпо этилиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ишлаб чиқилган арт-объектлар лойиҳалари марказда ўтказилган Кенгайтирилган илмий кенгаш йиғилишида тақдим этилди. 20 дан ортиқ лойиҳаларнинг муаллифи ўз ишларини намойиш қилди. Лойиҳалар оила, ватан, тил, илм, бағрикенглик каби олтита асосий йўналишни ўз ичига олади.

Йиғилишда таъкидланишича, мазкур объектлар нафақат эстетик жиҳатдан, балки маънавий-маърифий жиҳатдан ҳам кучли таъсирга эга бўлиши лозим. Улар ёш авлодни илм, тафаккур ва ижод сари йўналтириши керак.
Академик Акбар Ҳакимов томонидан айрим лойиҳалар бадиий ва ғоявий жиҳатдан таҳлил қилинди. Унинг таъкидлашича, объектлар исломий санъат талабларига мос бўлиши, ортиқча тафсилотлар ва инсон образларидан эҳтиёт бўлинган ҳолда яратилиши лозим.
— Марказ атрофидаги арт-объектлар замонавий санъат талаблари асосида ишланган бўлса-да, айримларида майда тафсилотлар ва кераксиз сергаплик мавжудлиги уларнинг бадиий кучини сусайтиради. Айниқса, ислом санъати мезонлари нуқтаи назаридан инсон образларини тасвирлашда эҳтиёткорлик зарур. Чунки меҳмонлар марказга ташриф буюрганида, энг аввало ана шу объектлар орқали илк таассуротга эга бўлади. Шу боис, улар ислом цивилизациясининг мазмун-моҳиятини чуқур очиб бера оладиган, маънавий жиҳатдан бой кириш эшиги вазифасини бажариши зарур, — деди у.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов эса тақдим этилган лойиҳаларда инновацион ёндашувлар борлигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, марказга ташриф буюрувчи ёшлар ва хорижий меҳмонлар учун бу арт-объектлар руҳий-маънавий изланишга чорловчи образлар бўлиши лозим.

Йиғилиш якунида энг муносиб лойиҳаларни саралаб олиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мутахассислари, илмий кенгаш аъзолари, таниқли рассом ва ҳайкалтарошлардан иборат махсус ишчи гуруҳ тузиш таклифи билдирилди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа