Макка ва Тошкент ўртасида маърифий мулоқот: Ilm компанияси билан Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлиги муҳокама қилинди
🔴 Ilm нима, нега у бизга керак?
🔴 Нима учун Саудия тажрибаси танланди?
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанд шаҳридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган Ilm компанияси раҳбарияти билан онлайн мулоқот ўтказди.
Йиғилишда Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳолиқов, Имом Бухорий маркази бош директори Шовосил Зиёдов, қўмита мутасаддилари ва Ilm компаниясининг мижозлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Усама ал-Хаттобий иштирок этди.
Учрашувнинг асосий эътибори зиёратчилар оқимини самарали ташкил этиш, юқори стандартлар асосида меҳмонларга хизмат кўрсатиш ва марказларда зиёрат йўналишларини тўғри шакллантириш масалаларига қаратилди. Шу мақсадда Саудия Арабистонида Ҳаж ва Умра каби йирик зиёрат тадбирларини ташкил этишда бой тажрибага эга бўлган Ilm компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Марказ раҳбари ўз сўзида ушбу ҳамкорлик ташаббуси Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва маърифий ҳаракатнинг мантиқий давоми эканини таъкидлаб ўтди:
“Биз ушбу мақсадларни амалга оширишда биргаликда ишлашга қатъий бел боғлаганмиз. Бундай ҳамкорлик нафақат марказлар фаолиятини самарали ташкил этишда, балки икки давлат ўртасидаги маданий ва маънавий муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам ҳисобланади.”
Ilm компанияси вакили Усама ал-Хаттобий ҳам мулоқотдан мамнунлигини билдириб, қуйидагича таъкидлади:
“Аслида биз сизлардан илм ўрганишимиз керак. Чунки буюк мутафаккирлар – Имом Бухорий, Ибн Сино, Беруний ва бошқалар айнан сизнинг юртингизда етишиб чиққан. Биз уларни тан оламиз ва уларнинг илмий мероси сизнинг тамаддунингизда юксалган. Бугунги учрашувда билдирилган фикрлар мен учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди.”
Учрашув якунида Ilm компанияси мутахассисларини Ўзбекистонга таклиф этиш, улар томонидан Марказ ходимлари учун махсус ўқув-тренинглар ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Жумладан, жорий йилнинг 20–23 август кунлари Ilm компанияси вакилларининг Тошкентга расмий ташрифи режалаштирилган. Сафар доирасида амалий учрашувлар, тажриба алмашуви семинарлари ҳамда Марказ фаолиятини такомиллаштиришга доир дастурлар кўзда тутилган.
Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, зиёрат туризмини ривожлантириш ва исломий илм-маърифатни юқори даражада тақдим этиш мақсадларига хизмат қилиши кутилмоқда.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

37,7 метрлик меъморий мўъжиза: Улуғбекнинг асрлар ошган илмий мероси энди Тошкентда порламоқда!

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди
