Анимация, 3D графика ва сунъий интеллект: тарихий мерос ёшлар учун янги технологик форматда жонлантириляпти

Давлат раҳбари ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши якуний босқичга етиб қолди. Айни пайтда эса 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий мутахассислар, олимлар, тадқиқотчилар, дизайнерлар, рассомлар, ҳунармандлар, шунингдек, бир қатор вазирлик ҳамда ташкилотлар ҳамжиҳатликда ушбу муҳташам масканнинг экспозициясини бойитиш устида жадал иш олиб бормоқда.
Турли ёндашувлар, баҳс-мунозаралар, таҳлилий маълумотлар асосида шаклланаётган Марказ музейи экспозициясида Президентимиз қайд этгани каби буюк халқ эканлигимизни яна бир бор илмий асослаб, халқчил тушунтириб берадиган, миллий ғоя жўш уриб турадиган, ташриф буюрган одамларда, ёшларимизда руҳий куч, руҳий ишонч пайдо қила оладиган контентлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз томонидан илгари сурилган “Янги Ренессанс” ғоясининг ёрқин амалий ифодаси сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясидан ўрин олаётган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” лойиҳаси орқали тарихий мерос янги технологик форматда намойиш этилиши режалаштирилган. Хоразмийнинг “Алгоритм устуни”, Ибн Синонинг инсон анатомияси, Фарғонийнинг Нилометр қурилмаси каби аждодларимизнинг кашфиётлари визуал воситалар орқали ёдда қоладиган, таъсирли ва илҳомлантирувчи услубда тақдим этилиши кутиляпти.
Ушбу лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар, тасвирга олиш жараёнлари билан яқиндан таништириш мақсадида ОАВ вакиллари учун пресс тур ташкил этилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилаётган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” – бу шунчаки экспозиция эмас, балки инсон цивилизацияси тараққиётини янгича кўз билан англатишга қаратилган инновацион маданий-маърифий ташаббусдир.
Лойиҳанинг асосий мақсади — ёш авлодни илм-фанга қизиқтириш, Ислом дунёсида камол топган буюк мутафаккирлар ва олимларнинг илмий меросини замонавий визуал воситалар орқали ёдда қоладиган, таъсирли ва илҳомлантирувчи услубда тақдим этишдир.
Музаффар Эркинов, режиссёр, лойиҳа ижодий раҳбари:
– Айни пайтда биз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” лойиҳаси устида иш олиб бормоқдамиз. Ушбу лойиҳани амалга оширишда биз Президентимиз томонидан қўйилган вазифага алоҳида эътибор қаратяпмиз. Яъни ёшларни кенгроқ жалб эта оладиган контентларни тайёрлашга ҳаракат қиляпмиз. Шу боис “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”да Исломдан аввалги даврлар, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс босқичларини қамраб олган ҳолда интерактив медиа-контентлар, анимация, 3D графика ва сунъий интеллект орқали қайта жонлантирилаётган замонавий таълимий платформа яратиш устида ишламоқдамиз.
Бизнинг жамоамиз томонидан “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” доирасида 100 га яқин мультимедиавий видеоконтент, анимация, ўйин технологиялари ва сунъий интеллект асосида ишланган контентлар ишлаб чиқилмоқда. Улар орасида жаҳон фанининг пойдеворини қурган алломалар – Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний ва бошқаларнинг мероси муҳим ўрин тутади.
Масалан:
➖ Хоразмийга бағишланган қисмда “Алгоритм устуни” орқали тенгламаларни ечиш;
➖ Ибн Сино экспозициясида инсон анатомиясини интерактив тарзда ўрганиш;
➖Фарғонийнинг Нилометр қурилмаси асосида сув сатҳини бошқариш орқали ҳосилдорликни моделлаштириш каби имкониятлар ёшларда билимга қизиқиш уйғотади.
Ҳар бир кадр, ҳар бир визуал таъсир — бу тарих билан мулоқот. Биз бу лойиҳада маҳаллий олимлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Археолог Суръат Кубаев бу борада бизга катта ёрдам беряпти. Ҳар бир тарихий маълумотлар, фактлар олимларимиз томонидан маъқуллангач, визуаллаштиришга киришяпмиз. Илмий аниқлик ва креатив ёндашув бирлашгани сабаб, биз нафақат ўтмишни акс эттирмоқдамиз, балки уни ёшлар тафаккурида қайта жонлантиряпмиз. Бунда биз Марказ мутахассислари, маҳаллий ва халқаро олимлар, Россиянинг “Planet 9” компанияси ҳамда Оксфорд университети каби етакчи илмий марказлар билан ҳамкорликда ишламоқдамиз. Иш жараёнида яратилаётган ҳар бир контент Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Илмий кенгаш томонидан муҳокама қилиниб, тарихий манбаларга асосланган ҳолда такомиллаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда. Бу эса лойиҳани илм ва санъат ўртасидаги мукаммал уйғунлик намунаси сифатида намоён этади.

“Ҳар бир визуал — бу тарих билан мулоқот”: археолог Сурат Кубаев лойиҳадаги иштироки ҳақида қуйидагича фикр билдирди.
“Бундай тарихий ва маданий лойиҳаларда археолог ҳамда тарихчиларнинг иштироки — асосий шартлардан бири. Чунки ҳар бир визуал образ, артефакт ёки саҳна ўтмиш ҳақидаги жамоавий тасаввурни шакллантиради. Биз киноижодкорларга фақатгина тарихий фактларни эмас, балки муайян даврнинг урф-одатлари, кийим-кечаклари, меъморий услуби ва кулолчилик буюмларидан тортиб, ҳатто халқнинг тафаккуригача оид маълумотларни етказамиз. Бу режиссёр ва дизайнерларга контентни реал ва ишончли қилиб яратишда катта ёрдам беради. Мен асосан мультимедиавий контентдаги тарихий аниқлик учун масъулман. Ҳар бир тайёрланаётган материалда ҳикоя қилинаётган шахслар, воқеалар, жойлар ва буюмлар ўз даврига тўғри келиши шарт. Масалан, Ибн Синонинг инсон анатомияси ёки Аҳмад Фарғонийнинг Нилометр қурилмаси ҳақидаги экспозицияларда илмий аниқликни таъминлаш, манбаларга таяниш — менинг биринчи вазифам. Шу билан бирга, ҳар бир саҳнанинг тарихий аҳамиятини томошабинга қандай қилиб тушунарли ва таъсирли етказиш мумкинлигини муҳокама қиламиз, зарур ҳолларда қўшимча маълумотлар билан тўлдираман.”

Бундай кенг кўламли, илмий асосланган ва технологик жиҳатдан мукаммал лойиҳа Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “Янги Ренессанс” ғоясининг амалдаги ёрқин ифодасидир. Бу экспозиция — нафақат илм-фан ва тарих, балки келажак авлод учун илҳом манбаи, маънавий қўлланма ва интеллектуал хазинадир.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа