Ўзбекистондаги мегалойиҳа экспозициясида кўзойнаклар орқали виртуал саёҳат қилиш имкони яратилади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Биринчи Ренессанс даври экспозицияси муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда Италиянинг “Magister Art” компанияси ва Хоразм Маъмун академияси вакиллари иштирок этди. 


Муҳокамада Маъмун академияси ва у ерда фаолият юритган алломаларга бағишланган экспозиция қисмини жаҳон музейчилик стандартлари асосида ташкил этиш бўйича фикрлар алмашилди. Хусусан, мазкур экспозициянинг илмий, визуал ва технологик жиҳатларини бойитиш масалалари кўриб чиқилди.


“Magister Art” компанияси креатив директори Алессандра Костантин Ўзбекистондаги Биринчи Ренессанс даври, олимлар ва уларнинг кашфиётлари борасида маҳаллий олимларнинг билим ва манбаларидан фойдаланиш зарурлигини қайд этди. 
 

"Ўзбекистон тарихини ўрганганимизда Биринчи ренессанс даври ва ундаги олимлар фаолияти, кашфиётлар бизнинг эътиборимизни тортди. Бу даврдаги оламшумул ихтиролар экспозицияда шунчаки намойиш этилмаслиги керак. Экспозицияда уларнинг олмшумуллигини акс эттиришимиз зарур бўлади. Бунда маҳаллий олимларнинг ўша давр ҳақида қўшимча маълумотларига эҳтиёжимиз бор."    


Хоразм Маъмун академияси раиси Икром Абдуллаев ушбу мақсадда зарур экспонатлар, илмий манбалар ва 3D форматда тайёрланган роликлар тайёр эканини билдирди.
 

"Марказ экспозициясини бойитиш учун академия экспонатлари ва қўшимча илмий манбалар тақдим этишга тайёрмиз. Қолаверса, академияда фаолият юритган олимлар ва уларнинг ихтиролари ҳақида 3D форматда роликлар тайёрлаганмиз. Буни хорижлик ҳамкорларга тақдим этиб, улар устида қайта ишлаб бойитишни ўз олдимизга мақсад қилганмиз. Шунингдек, экспозицияда Маъмун академиясининг интерактив макетини барпо этмоқчимиз. Ташриф буюрувчилар замонавий кўзойнаклар орқали Маъмун академиясига саёҳаат қилиш имконига эга бўлиб, у ердаги олимларнинг илмий фаолияти ва жараёнларни кузатиш, ихтироларни томоша қилиш имконига эга бўлади." 
 


Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, лойиҳани амалга оширишда мунтазам алоқаларни давом эттириш бўйича келишиб олинди.