WOSCU коллекцияси ва ҳадялар: Ўзбекистондаги мегалойиҳа учун тарихий коллекциялар сараланмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясини мазмун ва шакл жиҳатидан бойитиш ишлари якуний босқичга яқинлашмоқда. Ҳар бир бўлимни тарихий даврийлик асосида тўғри ва илмий тасвирлаш, экспонатларни тўғри жойлаштириш мақсадида амалий жараёнлар қизғин суръатда давом этмоқда.
Экспозиция учун юртимиз тарихини акс эттирувчи турли осори-атиқалар, қадимий ашёлар ва тарихий артефактлар саралаб олинмоқда. Уларнинг мавзувий ва даврий тегишлилиги асосида алоҳида бўлимларга жойлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида ўтказилган навбатдаги муҳокама йиғилишида бўлимлар координаторлари ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар иштирокида муҳим материаллар муҳокама қилинди. Хусусан, WOSCU – Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан тақдим этилган машҳур “Шотландия коллекцияси” ҳамда турли тарихий ҳадялар кўриб чиқилди.
WOSCU томонидан тақдим этилган ноёб экспонатлар қуйидагича тақсимланди:
“Исломдан аввалги давр” бўлими учун — Сополлитепа буюмлари
Биринчи Ренессанс” бўлими учун — Афросиёбдан топилган, арабий битиклар билан безатилган кулолчилик буюмлари
“Темурийлар – Иккинчи Ренессанс” бўлими учун — ўша даврга оид миниатюралар
“Хонликлар даври” бўлими учун — сўзана, гиламлар ва заргарлик буюмлари
Шунингдек, марказга ҳадя қилинган ашёлар орасидан ҳам ҳар бир бўлим учун тарихий ва даврий жиҳатдан мос келадиган артефактлар танлаб олинди. Ушбу объектлар музей экспозициясида юксак эстетик ва илмий мазмунда намоён бўлиши кўзда тутилмоқда.
Мазкур саъй-ҳаракатлар Ислом цивилизацияси марказининг музейшуносликдаги нуфузини ошириш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига асл тарихни ҳаққоний ва таъсирчан тарзда етказишга хизмат қилади.
Кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
