Янги Ўзбекистон шунчаки рақамли ҳисоботлар билан эмас, балки инновацион ёндашувларда жонланмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс” бўлимига бағишланган навбатдаги муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Марказ раҳбарияти, Республика Маънавият ва маърифат маркази, тегишли вазирлик ва идоралар, тарихчи олимлар, мустақил тадқиқотчилар ҳамда Россиянинг етакчи дизайн компаниялари — “Сила Света” ва “Планет 9” мутахассислари иштирок этди. Йиғилишда бўлим концепцияси, визуал ечимлари ва экспозицион мазмунини янада бойитиш масалалари кенг қамровда муҳокама қилинди. Бўлимда Янги Ўзбекистондаги туб ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий янгиланишлар, қурилиш ва инфратузилма, таълим, тиббиёт, спорт, мудофаа, ташқи сиёсат каби соҳаларда эришилаётган юксак натижалар замонавий визуал ечимлар асосида акс эттирилиши белгиланган.
Отабек Ҳасанов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари:
“Дастлаб вазирлик ва идораларга бўлим доирасидаги павильонлар учун мустақил мазмун шакллантириш топширилган эди. Аммо илк тақдимотларда аниқ ғоявий концепция йўқлиги, натижаларнигина тақдим қилиш билан чекланиш ҳолатлари кузатилди. Шундан сўнг илмий таҳлил ва чуқур ёндашув орқали қайта муҳокамалар ўтказилди. Ҳақиқий ислоҳотлар моҳияти ана шунда ойдинлашди”.

Таъкидлаш лозимки, мазкур бўлим келажак авлод учун ислоҳотлар, ғоялар ва янгиланишлар макони сифатида хизмат қилиши, илмий-тадқиқот марказининг замонавий юзини намоён этиши кўзда тутилган. Йиғилиш давомида Россиянинг нуфузли дизайн компаниялари – “Сила Света” ва “Планета 9” дизайнерлари ўз таклиф ва инновацион ғоялари билан иштирок этди. Хусусан:
3D форматдаги экспонатлар,
Сунъий интеллект орқали яратилган визуал шаҳар макетлари,
Тарихий даврларга мос композициявий ечимлар,
Ранглар психологиясига асосланган жозибали дизайн таклиф қилинди.

Шунингдек, маҳалла институтининг жамиятдаги ўрни, миллий ва замонавий меъморчилик ютуқларини намоён этувчи алоҳида лойиҳалар бўлимнинг ажралмас қисмига айланиши зарурлиги қайд этилди. Муҳокамаларнинг марказий мавзуларидан бири – ҳар бир экспонат орқали муайян ғоя, тарихий ва маънавий хабарни етказиш, технология ва мазмун уйғунлигини таъминлаш бўлди. Марказ раҳбари, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов бу ҳали ишнинг бошланиши эканлигини қайд этди.
– Аввало, ушбу бўлим экспозициясини шакллантиришда, шунингдек, муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилган топшириқларни юқори даражада бажаришда фаол иштирок этаётган барча вазирлик ва идоралар раҳбарларига чуқур миннатдорлик билдирмоқчиман. Бироқ бу ҳали ишнинг бошланиши, олдимизда энг муҳим босқич — контентни мазмунан бойитиш вазифаси турибди. Энди биздан ҳар бир деталга, ҳар бир экспозицияга алоҳида эътибор билан ёндашиш талаб этилади. Чунки бу бўлим орқали нафақат ислоҳотлар тарихини, балки бугунги Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиш суръатини халқимизга ҳаққоний, тўлиқ ва таъсирли тарзда намойиш қилишимиз керак. Бугун биз ҳар қандай илмий асосланган ғоя, инновацион ёндашув ёки экспозицияни бойитишга хизмат қиладиган таклифларни тинглашга ва амалиётга жорий этишга тайёрмиз. Бу ёндашув – келажак авлодга қолдираётган муҳим илмий-маънавий меросимиз асосига айланади“,
деди Ф.Абдухолиқов.
Йиғилиш якунида масъул ташкилот ва идораларга аниқ вазифалар юклатилди ҳамда кейинги амалий босқичлар бўйича муддатлар белгилаб олинди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа