Сурхондарёда Александр Македонский томонидан кўприк қурилганми?

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида жойлашган тарихий иншоот — Искандар кўприги ҳақида халқ орасида турли ривоятлар юради. Уларнинг аксарияти ушбу кўприк юнон саркардаси Александр Македонский томонидан қурилган деган қарашларга бориб тақалади. Аммо илмий тадқиқотлар ва тарихий манбалар бу даъвони қайта кўриб чиқишни талаб этади.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, кўприкнинг “Искандар” деб номланиши унинг тарихий қурилиш даврига эмас, балки Шайбонийлар сулоласидан бўлган Абдуллахоннинг отаси — Искандар султон номига боғлиқ. XVI асрда ҳукмронлик қилган Абдуллахон томонидан барпо этилган ушбу кўприк халқ орасида отасининг исми билан аталган ва вақт ўтиши билан Александр Македонский билан адаштирила бошланган.
Кўприкнинг тарихи ҳақида маълумотлар Термиз археология музейида сақланади. Маълумотларга кўра, кўприк XVI асрда қурилган ва қурилишда 26×26×45 см ўлчамдаги ғиштлар, оҳак, ганч, алебастр ва ёғоч материаллар ишлатилган. У мураккаб меъморчилик ечимлари ва маҳаллий усталар маҳоратини намоён этган.
Кўприк “Буюк ипак йўли” даврида савдо алоқаларини таъминлашда муҳим роль ўйнаган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ушбу тарихий кўприкнинг макетини қайта яратиш ишлари олиб борилмоқда. Макет илмий манбалар, археологик маълумотлар ва меъморий таҳлиллар асосида ишлаб чиқилмоқда. Бу лойиҳа Ислом маданияти ва меъморчилиги меросини ҳужжатлаштириш, визуал тиклаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадини кўзлайди.
Тайёрланаётган макет келгусида Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида доимий намойиш этилади. Бу орқали юрт аҳли ва меҳмонлар XVI асрдаги Ислом архитектурасининг ушбу ноёб намунасини ўз кўзлари билан кўриш, ўрганиш ва англаш имкониятига эга бўлади.
Искандар кўприги — бу фақат тарихий иншоот эмас, балки халқ хотираси, илм, меъморчилик ва маданий мероснинг ёрқин намунасидир. Ислом цивилизацияси марказининг ушбу ташаббуси юртимиздаги моддий ва маънавий меросни асраб-авайлашдаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа