Тарихни илмий асосда жонлантирувчи экспозиция: XVI–XIX асрларга иммерсив саёҳатга тайёрмисиз?

🔴 Коинот ичидаги Улуғбек мероси кўз  ўнгингизда жонланади!




    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясида тақдим этиладиган иммерсив шоу сизни тарих томошабини эмас, балки иштирокчисига айлантиради.

 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида XVI–XIX асрларга оид тарихий воқеаларни илмий, визуал ва технологик ёндашувда намоён этиш бўйича амалий ишлар жадал суръатда давом этмоқда. Марказ мутахассислари ва дизайнерлар ўртасида ўтказилган навбатдаги муҳокамада ушбу даврни кенг қамровда, ҳаққоний ва таъсирчан тарзда ёритиш бўйича муҳим концепциялар таҳлил қилинди.

 

    Йиғилишда дизайн таклифларига қарамасдан, марказнинг илмий жамоаси тарихий асллик ва манбага таянилган ёндашувни устувор деб ҳисоблаб, ўз ёндашувларини қатъий сақлади. 

 

    Муҳокамалар давомида Туркистон минтақасидаги бешта асосий сулола – Шайбонийлар, Аштархонийлар, Манғитлар, Қўнғиротлар ва Минглар фаолияти, уларнинг таълим, илм-фан, санъат ва меъморлик соҳаларидаги ютуқлари тўлиқ ёритилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.


    Тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова таъкидлаганидек, Аштархонийлар давридаги маънавий ҳаётни теран акс эттириш учун Нодир Девонбегининг мадрасаси архитектураси, хусусан пештоқи, экспозицияда визуал рамз сифатида алоҳида ўрин эгаллаши лозим. Шу билан бирга, ушбу даврга оид вақфномалар, эпиграфик ёзувлар, замона алломалари ва ислоҳотчилари ҳақидаги маълумотлар ҳам чуқур таҳлил асосида жамоатчиликка тақдим этилади.

 

    Баҳс-мунозаралар натижасида дизайнерлар ҳам тарихий мазмунни тўлиқ англаб, экспозицияни эстетик ва замонавий шаклда ифода этиш билан бирга, тарихий ҳақиқатни сақлаб қолиш тамойилига қатъий амал қилишларини билдирди.

 

    Илм-фанни ҳис этиш мумкинми? — Иммерсив шоу бу саволга жавоб беради

 

    Музей экспозициясининг инновацион қисмларидан бири — иммерсив шоу ҳудуди. Бу ерда томошабинлар нафақат тарихни кўради, балки уни ҳис қилади. Ҳозирда мазкур шоуни амалга ошириш бўйича махсус мутахассислар билан ҳамкорликда техник муҳокамалар олиб борилмоқда.

 

    Шоунинг марказий ғояси — Мирзо Улуғбекнинг илм-фан ютуқлари асосида Иккинчи Ренессанс даврини жонли ва технологик визуаллаштириш. Томошабин коинот муҳитига “кириб”, юлдузлар ҳаракати, сайёралар ва Улуғбек устурлоби орқали ўлчашлар жараёнини аудио-визуал таъсирда ҳис этади.



 

    Шу билан бирга, экспозицияда тарихий меъморлик намуналари, қурилиш анъаналари ва маънавий муҳит ҳам юқори реализм билан қайта жонланади.

 

    Илмий тўғрилик ва бадиий ечим уйғунлиги — марказ концепциясининг асоси

 

    Экспозиция тарихни фақатгина визуал ва эстетик томондан эмас, балки билим манбаи сифатида етказишни мақсад қилган. Мазмун ва шаклнинг уйғунлиги марказнинг ҳар бир лойиҳасида асосий мезон сифатида белгиланган. Йиғилиш якунида олимлар ва дизайнерлик жамоалари якдил фикрга келишди.