“Амир Темур давлати рамзлари” экспозицияси доирасида янги медиалойиҳа: “Тарихий манбаларда Амир Темур шажараси”

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилаётган “Амир Темур давлати рамзлари” номли экспозиция доирасида яна бир муҳим медиалойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу лойиҳа — “Тарихий манбаларда Амир Темур шажараси” деб номланиб, буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур ҳаётини кенг жамоатчиликка замонавий шаклда тақдим этишга қаратилган.


Лойиҳа доирасида, энг аввало, тарихий манбаларда келтирилган Амир Темур шажараси акс этган саҳифаларнинг факсимиле нусхалари тайёрланади. Бу орқали меҳмонлар ўтмиш ёзувлари ва тарихий ҳужжатлар билан тўғридан-тўғри танишиш имкониятига эга бўладилар. Шу билан бирга, экспозиция таркибига киритиладиган бу факсимилелар тарихий ҳақиқат ва ишончлилик тамойилларига асосланган ҳолда яратилади.


Амир Темур шажарасидаги ҳар бир тарихий шахс ҳақида батафсил маълумот берувчи замонавий, мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда тайёрланган контентлар ҳам экспозиция таркибига киритилади. Бу эса ташриф буюрувчиларга нафақат ўқиш, балки кўриш ва эшитиш орқали ҳам тарих билан яқиндан танишиш имконини беради.


Шунингдек, лойиҳанинг якуний босқичида “Амир Темур шажараси” алоҳида нашр сифатида чоп этилиши ҳам режалаштирилган. Ушбу нашр тарихчилар, тадқиқотчилар ҳамда кенг жамоатчилик учун қимматли манбага айланиши кутилмоқда.


Бу ташаббус Ўзбекистон тарихий меросини сақлаб қолиш, уни кенг жамоатчиликка тақдим этиш ва ёш авлод қалбида миллий ғурур ва тарихий хотирани мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилаётган бу каби лойиҳалар халқимизнинг бой тарихини замонавий усулларда ёритиш борасида муҳим қадамлардан биридир.


Маълумот учун, бугун 9 апрель санасида юртимиз бўйлаб буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг 689 йиллиги кенг нишонланмоқда.