Қадимий ёзма манбалар давлат реестрининг 9 жилди нашр этилди


    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 февралдаги 126-сон Қарорига мувофиқ Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан мамлакатимизда сақланаётган ноёб қўлёзмалар Давлат реестрини тузиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Маълумот учун Марказ томонидан ноёб қўлёзмалар Давлат реестрининг 9-жилди нашр этилди. 

 

    9-жилдга киритилган 1000 та қўлёзмадан  1000 донаси барчаси Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик қўлёзмалар фондларига оид қўлёзмалар киритилган. Жилдга киритилган маълумотларнинг хронологик даври ХI аср ва  ХХ аср бошига тўғри келади. Ушбу манбалар кенг доирадаги фанларни ўз ичига қамраб олади. Хусусан, Қуръон, ҳадис, ақида, фиқҳ, ислом тарихи, жаҳон тарихи, адабиёт тарихи, фалсафа, ҳуқуқ, кимё, тиббиёт, тиллар, фармакология, география, мусиқа,   минералогия, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар. 

 

    Қадимий ёзма манбалар араб, эски ўзбек, форс, турк ва татар каби мусулмон Шарқ халқларининг тилларида ёзилган.

 

    Давлат реестрининг 9-жилдига киритилган асарлар ичида Абу Бакр Муҳаммад ибн Азизуснинг 491/1098 йил кўчирилган  Ғорибул Қуръон (Ажабланарли Қуръон),  Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолийинг 544/1149 йил кўчирилган Китабул иқтисод фил эътиқод (Эътиқодда эътиборли бўлиш китоби), Аҳмад ибн Абулҳасан ибн Наъим томонидан 662/1264 йил кўчирилган Китоб ул-аҳодис (Ҳадислар китоби), Сирожиддин Ўзжандийнинг 569/1173 йил кўчирилган Мухтасар Ғирорил ахбор (“Ғирор ал-ахбор”нинг қисқача мазмуни), Шайх Фаридуддин Муҳаммад ибн Иброҳим Атторнинг 698/1299 йил кўчирилган Тазкират ул-авлиё (Авлиёлар тазкираси), Абдулқоҳир ибн Тоҳир ал-Бағдодийнинг 647/1250 йил кўчирилган Тафсири Абдулқоҳир, Абул Ҳасан Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Воҳидий ан-Нисабурийнинг 600/1204 йил кўчирилган Важиз фит-тафсир (ٍҚисқача тафсир), Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан Насафийнинг  648/1250 йил кўчирилган Тайсири фи илми ат-тафсир (Тафсир илмини осонлаштириш), Абу Фазл Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Майдоний Нисабурийнинг   628/1230 йил кўчирилган Мажмаъул амсал  (Мақоллар тўплами), Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг 654/1256 йил кўчирилган Явақиту мавақит (Вақтлардаги зумрадлар), Муслиҳиддин Саъдий Шерозийнинг 722/1321 йил кўчирилган Ашъори Саъдий (Саъдий шеърлари), Амир Хусрав Деҳлавийнинг 756/1355 йил  кўчирилган Хамсаи Амир Хусрав (Амир Хусравнинг “Хамса” асари), Муҳаммад ибн Тайфур ал Ғазнавий ал-Сижовандийнинг 701/1302 йил кўчирилган Айнул маъоний фи сабъил масаний (Фотиҳа сурасининг тафсирида маънолар булоғи), Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолийнинг 716/1316 йил кўчирилган Иҳё улумид дин (Дин илмларини тирилтириш),  Абулғозий Баҳодир Султон Ҳусайн Мирзо ибн Мирзо Мансур (Султон Ҳусайн Бойқаро)нинг 1347/1928 йил кўчирилган Девони Ҳусайний (Ҳусайнийнинг  девони) каби ХI асрдан  ХХ аср бошигача кўчирилган нодир асарлар ўрин олган.