Ислом мероси янгича талқинда


🔴 Ислом цивилизациясидаги 700 йиллик меросга янги ҳаёт 

 

🔴 Қуръони каримнинг юксак маънавий харитаси тузилмоқда

 

🔴 Тарихий саҳифалар қайта жонланади.



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилаётган  “114 Қуръон” лойиҳаси ўз мазмун-моҳияти ва юксак илмий даражаси билан исломий меросни ҳимоя қилиш ва уни келажак авлодга етказишда муҳим қадам бўлмоқда. Бу лойиҳа нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

    Аввал хабар қилганимиздек, VII асрдан то XX асргача бўлган даврда Туркистон ва ислом олами ҳудудларида яратилган, ҳозирда дунё бой архивларида сақланаётган тарихий ва нодир Қуръон қўлёзмалари илмий асосда ўрганиш орқали амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг асосий мақсади 114 та Қуръон нусхасига бағишланган китоб-альбом тайёрлаш ҳисобланади.

 

    “114 Қуръон” лойиҳасининг энг таъсирли жиҳатларидан бири — унинг ташкилий дизайнидир. Китоб муқоваси махсус концепция асосида тайёрланиб, унда Каъба ёпинчиғи — “кисва” безаклари акс эттирилиши режалаштирилган. Бу визуал ечим китобнинг муқаддас мазмунини янада чуқурроқ ифода этади ва ўқувчида илоҳий муҳитни ҳис қилишга хизмат қилади.

 

    Бугун Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлигида Туркиянинг Истанбул университети профессори, қўлёзмалар ва ислом маданияти бўйича мутахассис Эмек Ушенмез ва Марказ илмий ходимлари иштирокида ушбу китоб-альбом концепцияси муҳокамаси бўлиб ўтди. Қайд этилишича, китоб ўзбек, инглиз ва араб тилларида нашр қилиниши ҳамда нашр жараёнида Туркия ва Германия ноширлари ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

 

“Ушбу китоб нафақат илм-фан, балки маънавият ва маданият учун ҳам муҳим аҳамиятга эга” дейди Фирдавс Абдухолиқов. 

 

    Алоҳида таъкидлаш керакки, “114 Қуръон” — бу фақатгина қўлёзмалар тўплами эмас, балки маънавий мерос, илмий билим ва маданий қадриятларни уйғунлаштирган лойиҳадир. У Қуръони Каримнинг тарихий саҳифаларини қайта жонлантиради, Ўзбекистоннинг исломий цивилизацияда тутган ўрнини халқаро майдонда яна бир бор эътироф этади.

 

    Бу лойиҳа келгуси авлод учун муқаддас саҳифаларни нафақат ўрганиш, балки ихлос, билим ва ифтихор билан ҳис қилиш имконини яратади.