Миллий давлатчилигимиз тарихи рақамли технологиялар билан интерактив ёритилади
🔴Тарихни нафақат ўқиш, балки кўриш, эшитиш ва ҳис этиш вақти келди.
🔴Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясида илмий ва технологик ёндашувлар уйғунлашган ҳолда ўзбек хонликларининг бой мероси тақдим этилмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Иккинчи Ренессансга бағишланган "Ўзбек хонликлари даври" экспозицияси замонавий технология ва илмий ёндашувлар уйғунлигида тайёрланмоқда. Мазкур кўргазма нафақат тарихий маълумотларни тақдим этиш, балки уни интерактив ва визуал шаклда ҳис этиш имконини яратишга қаратилган.
Экспозиция концепцияси Шайбонийлар, Аштархонийлар, Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари каби муҳим сиёсий-ҳудудий тузилмаларни қамраб олган инфокиоскалар тизими орқали амалга оширилмоқда. Бу инфокиоскаларда тарихий шахслар, ислоҳотлар, маданий ва илм-фан тараққиёти ҳақидаги мультимедиавий контентлар — видеороликлар, анимациялар, рақамли хариталар ва матнлар жой олади.

Экспозициянинг яна бир инновацион ютуғи — илмий-назарий геомаданий макон харитаси бўлиб, унда турли хонликлар давридаги мадрасалар, кутубхоналар ва маърифий марказлар жойлашуви аниқ кўрсатилади. Бу харита дизайнерлар ва тарихчилар ҳамкорлигида тайёрланмоқда.
Шунингдек, икки катта LED экран орқали Бухоро хонлигидаги Шашмақом санъати ва Қўқон хонлигидаги адабий муҳит борасида материаллар намойиш этилади.
Янада чуқурроқ таассурот учун марказ ҳудудида иммерсив шоу зали қурилади. Бу залда Темурийлар ва Ўзбек хонликлари даври ҳаёти махсус эффектлар, овоз, тасвир ва ҳаракатлар орқали реалликда намоён этилади. Лойиҳа концепцияси тарих фанлари доктори Дилноза Жамалова раҳбарлигида ишлаб чиқилган.

Лойиҳада дизайнер Павел Аракелян, шунингдек, Interstellar ва Франциянинг Avesta компаниялари ҳамда маҳаллий ва халқаро мутахассислар фаол иштирок этмоқда. Улар экспозиция деворлари, нақшлар, экранлар ва инфокиоскаларнинг эстетик ва функционал ечимларини яратишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Бу кенг қамровли ва замонавий экспозиция нафақат маълумот манбаи, балки келгуси авлод учун тарихни ҳис этиш ва ундан фахрланиш имконини берадиган маърифий-маданий макон бўлади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа