Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-Тавҳид” асари асл нусхада намойиш этилади

🔴 Ислом фалсафаси ва калом илми 

 

🔴Ўрта асрдаги нурли мафкура ва “ҳидоятга бошловчи” таълимот Ўзбекистондаги мегалойиҳада



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Биринчи Ренессанс” даврига бағишланган экспозицияни мазмунан бойитишга қаратилган илмий муҳокамалар изчил давом этмоқда. Экспозиция ишчи гуруҳи таркибида халқаро эксперт сифатида иштирок этаётган “Ал-Фурқон” ислом мероси жамғармаси директори Сали Шаҳсуварий Марказ музейи экспозициясининг “Биринчи Ренессанс” бўлими капсулаларида тақдим этиладиган видеоконтентлар сценарийларини тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. 


    У тарихий мазмундаги сурат ва ҳужжатларни визуал шаклда намойиш этиш учун Италиянинг “Magister Art” дизайн компанияси билан ҳамкорликда ишламоқда. Шу билан бирга, Сали Шаҳсуварий манбалардаги маълумотларнинг илмий ва диний жиҳатдан аниқ ва асосли бўлиши лозимлигини таъкидлади.




    Экспозицияда ислом илмий меросининг етук намояндаларидан бири бўлган Имом Абу Мансур Мотуридийнинг “Китоб ат-Тавҳид” асари асл нусхада, “Таъвилот ал-Қуръон” асари эса кўчирма нусхада намойиш этилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, унинг таълимотини чуқур ўрганган Абу Муин Насафийнинг машҳур “Табсират ал-адилла” асари ҳам витриналардан жой олиши режалаштирилган.


    Муҳокамалар давомида ушбу алломаларнинг илмий меросини нафaқат кўргазма воситасида, балки аудио ва видеоконтент шаклида ҳам тақдим этиш таклифи илгари сурилди. Бу орқали экспозиция ташриф буюрувчиларда IX-X асрларда Марказий Осиёда ислом дини, фалсафаси ва калом илми юксак ривожлангани ҳақида кенг ва яхлит тасаввур уйғотиш мақсад қилинган.




    Мазкур экспозиция “Биринчи Ренессанс” даврининг ақлий-маънавий ютуқларини замонавий музей технологиялари орқали кенг жамоатчиликка етказишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.