Тарихий меросга замонавий руҳ: ўзбек хонликлари даври экспозицияда замонавий технологиялар асосида шаклланмоқда
🔴 Экспозицияда Нодира ва Увайсийнинг “жонли” чиқиши
🔴 Миллий ўзлик ва тарихий хотира замонавий технологияларда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўзбек хонликлари даври мультимедиали ечимлар, LED экранлардаги видеоконтент орқали намойиш этилади. Марказда мутахассислар, олимлар, “Интерстеллар” креатив компанияси вакиллари ҳамда соҳа экспертлари иштирокида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда Ўзбекистондаги мегалойиҳа музей экспозициясида “Ўзбек хонликлари даври”ни замонавий руҳ ва оммабоп талқинда намойиш этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда экспозициянинг умумий мавзуси, тузилиши, ҳар бир сектордаги илмий матнлар, сарлавҳалар, девор ёзувлари ва витрина маълумотлари бўйича мувофиқлаштириш ишлари муҳокама қилинди. Матнлар стилистикаси ва визуал намоён этишда ягона услуб шакллантирилиши таъкидланди. Мультимедиали ечимлар, LED экранлардаги видеоконтент ва инфокиоскалар мазмуни юзасидан ҳам таклифлар билдирилди. Хусусан, Қўқон адабий муҳитига бағишланган видеоролик устида иш кетмоқда. Унда Кинематография агентлиги ҳамкорлигида Нодира ва Увайсий каби шоира аёллар ўз шеърларини “жонли” ўқиши имкониятлари яратиляпти.

Хива хонлиги экспозициясида Комил Хоразмий ва Муҳаммад Ризо Огаҳий мероси визуал материаллар орқали тақдим этилиши режалаштирилди. Шунингдек, Қўқон қоғозига бағишланган видеоматериал ва ҳунармандчилик намуналарини жойлаштириш ғояси ҳам маъқулланди.
Йиғилишда кириш қисмидаги катта экранда Шайбонийлар даврига оид архитектура ёдгорликларини, миниатюралар ва шаҳарсозлик обидаларини визуаллаштириш, яъни расм, видеоролик, диаграмма, графика, макет, 3D модел ёки анимация каби замонавий ёндашувлар орқали намойиш этиш таклифи билдирилди.

Экспозициядаги инфокиоскалар орқали хонликлар тарихи, шахслар, адабий муҳит ва топилмалар ҳақидаги маълумотлар интерактив тарзда тақдим этилиши концептуал равишда маъқулланди.
Тадбир иштирокчилари ушбу экспозиция миллий ўзлик, маънавий мерос ва тарихий хотирани кенг жамоатчиликка замонавий музей технологиялари орқали етказишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа