Янги Ўзбекистоннинг муҳташам маърифий маскани

Кўпинча хорижлик тарихчи, манбашунос олимлар мамлакатимиз тарихи, буюк алломаларимиз ҳаётига оид илмий тадқиқот ва изланишлар олиб борганларида “Юртингиз ёшлари кимларнинг авлоди, қандай улуғвор маънавий мероснинг ворислари эканини теран англашлари керак”, деган хитобни эшитамиз. Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган маърифий янгиланиш жараёнларида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқимизнинг ғурур ва ифтихорини янада юксалтирадиган, келажакни бой меросимиз асосида яратишга доир ташаббуслар илгари сурилмоқда, дея хабар қилди ЎзА агентлиги.
Пойтахтимизда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқимиз ғурурига ғурур қўшадиган ана шундай муҳташам масканлардан биридир. Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида бу ерда улкан, сермазмун, шонли тарихимиз, бебаҳо меросимизнинг моҳиятини теран очиб берувчи экспозиция шакллантириш устида кечаю кундуз иш олиб борилмоқда.
Марказнинг музей мажмуаси экспозицияси бир нечта тарихий залларни ўз ичига олади. “Қуръони карим зали”, “Исломгача бўлган цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс”, “Ўзбек хонликлари даври”, “XX асрда Ўзбекистон”, “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс” каби заллар шулар жумласидан.
Ушбу бўлимлар цивилизация ривожланишининг турли даврларини акс эттиради. Айни пайтда кўплаб диний-маърифий ва инновацион медиа лойиҳалар устида қизғин иш жараёнлари кетмоқда.
Марказ экспозициясини шакллантиришда “Цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар” концепцияси асосида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, илм-фан, замонавий технологиялар мутахассислари, музейшунослар, тадқиқотчилар, дизайнерлар бирлашиб, контентларни тайёрлаш устида қизғин иш олиб бормоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда бу борадаги ишларни жадаллаштириш учун “Долзарб 30 кунлик” эълон қилинди.
Анъанавий музей ёндашувидан фарқли равишда, Марказда ислом цивилизацияси музей экспонатлари билан эмас, балки буюк шахслар ва уларнинг кашфиётлари орқали тақдим этилади. Бундай ёндашувни ҳозирга қадар дунёдаги бирорта музей қўлламаган. Ҳозирда мукаммал экспозицияни шакллантириш учун 403 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази шунчаки экспозициялар тўплами эмас, балки бу ерда инновацион технологиялар ёрдамида ўтмиш, бугун ва келажакни уйғунлаштирган ҳолда даврлар оша саёҳат қилиш муҳити яратилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ислом цивилизацияси маркази нафақат аждодларимиз меросини ўрганиш маскани, балки ёшлар илмий-тадқиқот фаолиятида бевосита иштирок этадиган фаол илмий-маърифий маконга айланиши керак” деган вазифалари бугунги кунда марказда иш олиб бораётган катта илмий-маърифий жамоанинг муҳим дастурига айланган.
Бу борадаги вазифаларни бажаришда энг замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Масалан, “Вақт йўлаги” инновацион лойиҳаси барча залларни бирлаштиради. Шу тариқа ташриф буюрувчиларга даврлар оша саёҳат қилиш ва бир тарихий даврдан бошқасига ўтиш имконияти яратилади.
“Вақт капсуласи” лойиҳаси ташриф буюрувчилар учун ислом маданияти қадриятларига асосланиб, келажак авлодларга хабарлар қолдирадиган интерактив лойиҳага айланади. Бу лойиҳада меҳмонлар ўз фикрларини, тилак ва истакларини келгуси авлодларга етказиш имконига эга бўладилар.
“Вақт девори” лойиҳаси улкан мультимедиа панели бўлиб, унда голография, инсталляциялар, проекцион технологиялар ёрдамида турли даврларнинг муҳим тарихий босқичлари, буюк кашфиётлари ва машҳур шахслари жонланади.
Ушбу технологик ечимларнинг барчаси ташриф буюрувчиларни экспозиция билан таништирибгина қолмай, балки уларни асрлар оша қизиқарли саёҳатга юбориш имконини беради. Мазкур экспозицияларни янада такомиллаштириш мақсадида мамлакатимизнинг олим ва тадқиқотчилари, илмий жамоалари, музейлари билан бирга хориждаги кўплаб нуфузли музейлар, илмий-тадқиқот институтлари, кутубхоналар, маърифий компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шу тариқа, бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кучли ва юксак салоҳиятли илмий-тадқиқот платформасига айланди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини янада залворли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти – WOSCU ҳамкорлигида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида”, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоб-альбомларни нашр этиш, бебаҳо қадимий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини чоп этиш кўзда тутилган.
Марказ очилиш маросими доирасидаги “Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мулки” мавзусидаги халқаро кўргазмада хорижда сақланаётган осори-атиқалар кўргазмасини ўтказиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 40 дан ортиқ хорижий давлатдан 500 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасалари қамраб олинди. Мамлакатимиз маданий меросига қизиқувчи 5 минг нафардан ортиқ олим, эксперт, медиа соҳаси вакиллари, мутахассислар ягона мақсад йўлида ҳамкорликда ишлаб, алоҳида дастур асосида халқаро форумлар, семинарлар, тренинглар, маҳорат дарслари ўтказиладиган мулоқот платвормаси фаолияти йўлга қўйилди. Дунёнинг энг етакчи кутубхоналари, илмий-тадқиқот марказлари билан бирга кўргазмалар ташкил этиш, халқаро тўпламларда сақланаётган ноёб артефактларнинг вақтинчалик ва доимий экспозицияларини ўтказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон маданий меросини ўрганаётган хорижий олимларни бирлаштирувчи илмий жамиятлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Умумий ҳисобда эса, Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий мероси билан бевосита боғлиқ бўлган 50 га яқин йирик коллекционерларни жалб этиш кутилмоқда. Бу жаҳон музейи амалиёти тарихидаги ноёб ҳодиса бўлиб, дунёнинг ўнлаб етакчи музейлари битта мамлакат, яъни Ўзбекистон мероси атрофида бирлашади.
Халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қадимий ёдгорликларнинг юқори сифатли нусхаларини яратиш ва маданий меросни рақамлаштиришга катта эътибор қаратилади. Президентимизнинг кўрсатмасига кўра, халқаро кўргазмалар учун тарихий объектларнинг аниқ нусхалари тайёрланадиган махсус лаборатория ва устахона ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, тарихий ёдгорликларнинг замонавий 3D нусхаларини яратиш ва қайта тиклаш учун янги технологиялар жорий этилади.
Марказда болалар ва ўсмирлар учун таълим платформасини яратиш бўйича ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Бу лойиҳа ёшларга ўтмишдаги буюк тарихий шахслар, олимлар, саркардалар билан интерактив тарзда “мулоқотга киришиш” имконини беради.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизнинг қурдатли маърифий салоҳияти, бой маданий меросини намойиш этувчи ушбу муҳташам маскан янги Ўзбекистоннинг ўзига хос маърифий ташриф қоғозига айланишига шубҳа йўқ.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа